Жаҳон | 08:55
764
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: Уиткофф Эрон билан музокаралар учун Швейцарияга йўл олди

АҚШ президентининг махсус вакили Стивен Уиткофф Эрон билан ядровий дастур ва минтақавий хавфсизлик масалалари бўйича музокараларда иштирок этиш учун Швейцарияга жўнаб кетди. Бу ҳақда Axios нашри америкалик манбага таяниб хабар берди.

Фото: Getty Images

Нашр маълумотига кўра, Уиткофф АҚШ ва Эрон ўртасида ўтказилиши режалаштирилган музокараларнинг биринчи босқичида иштирок этиши кутилмоқда. Манбанинг айтишича, АҚШ президенти Доналд Трампнинг куёви ва Оқ уйнинг яна бир вакили Жаред Кушнер аллақачон Швейцарияга етиб борган.

Шу билан бирга, 19 июн куни Қатар бош вазири шайх Муҳаммад бин Абдулраҳмон Ол Таний ҳам Швейцарияга келган. У АҚШ ва Эрон ўртасидаги мулоқотда асосий воситачилардан бири ҳисобланади. Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчининг ҳам 20 июн куни Швейцарияга ташриф буюриши режалаштирилган, бироқ унинг сафар режаси ҳозирча ўзгариши мумкинлиги айтилмоқда.

Axios суҳбатдошларидан бирига кўра, Арағчи 19 июн куни АҚШ билан музокараларда воситачилик қилаётган давлатлар вакилларига Ливанда барқарор ўт очишни тўхтатиш режими ўрнатилиши Эрон учун жуда муҳим эканини билдирган. Теҳрон расмийлари музокараларни бошлашдан аввал минтақада мустаҳкам тинчлик таъминланганини кўришни истамоқда.

Шу сабабли томонлар ўртасидаги учрашувнинг аниқ санаси ҳозирча белгиланмаган. Илгари АҚШ ва Эрон вакиллари 19 июн куни Швейцарияда учрашиши кутилган эди. Томонлар ўзаро англашув меморандумини имзолашни режалаштирган бўлиб, унда минтақадаги жанговар ҳаракатларни тўхтатиш ва кейинги 60 кун давомида кенг қамровли келишув устида ишлаш назарда тутилган.

Маълумотларга кўра, меморандум 17 июн куни масофадан туриб имзоланган, аммо Швейцариядаги тўғридан тўғри музокаралар кейинроққа қолдирилган. Бунга Исроил ва Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати ўртасида Ливан жанубида давом этган тўқнашувлар сабаб бўлгани айтилмоқда. Кейинчалик ОАВ томонлар ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришганини хабар қилди.

18 июн кунига қадар Швейцария расмийлари музокаралар режа бўйича ўтишидан умидвор бўлган ва АҚШ ҳамда Эрондан ташқари Қатар ва Покистон вакилларини ҳам қабул қилишга тайёргарлик кўрган. Бироқ кейинчалик АҚШ вице-президенти Дэвид Вэнс учрашувда қатнашишдан бош тортган.

19 июн куни Доналд Трамп музокаралар кечиктирилгани учун амалда Эронни айблади. У Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Теҳрон музокараларга муҳтож эканини таъкидлаб, АҚШ кейинги 60 кунлик жараён қандай кечишини белгилашини ёзди.

ОАВ маълумотларига кўра, муҳокама қилинаётган келишув лойиҳасида Эронни тиклаш учун хусусий инвестиция жамғармаси орқали 300 миллиард доллар ажратиш, шунингдек, мамлакатнинг музлатиб қўйилган 24 миллиард долларлик активларини озод қилиш масалалари ҳам кўзда тутилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид