Uzcard пластик карталар орқали амалга оширилган тўловларни бекор қилиш функциясини жорий этди
Ягона умумреспублика процессинг маркази мутахассислари томонидан кўп хусусиятли «Халқаро тўлов тизими» номли дастурий таъминот ўрнатилган барча Uzcard POS-терминалларида «Транзакцияни бекор қилиш» қўшимча функцияси фаоллаштирилди. Бу ҳақда Uzcard маъмурияти маълум қилди.
Ушбу функция терминалда амалга оширилган хато транзакцияларни ҳамда истеъмолчи истагига биноан, маҳсулотни тўлов пунктига қайтариш учун тўловни бекор қилишда ишлатилади. POS-терминалларда Uzcard картаси орқали кун бўйлаб амалга оширилган транзакциялар ҳисоби юритилгунича барча транзакцияларни бекор қилиш имкони мавжуд.
Тўлов пунктлари эгалари учун маълумот:
Ушбу дастурий таъминотни Uzcard POS-терминалларига ўрнатиш учун ҳизмат кўрсатаётган банкингизга мурожаат қилинг;
«Халқаро тўлов тизими» дастури бир неча дақиқаларда ўрнатилади;
Янги функционалнинг қўлланмаси билан танишиб чиқиш ўринли;
«Транзакцияни бекор қилиш» операциясини Uzcard карталари орқали тўлов амалга оширилган куни давомида (яъни, бир кун ичида) амалга ошириш мумкин;
«Транзакцияни бекор қилиш» операциясини халқаро пластик карталари орқали тўлов амалга оширилган вақтдан бошлаб 16:00 гача амалга ошириш керак;
«Транзакцияни бекор қилиш» операциясини Uzcard ва халқаро пластик карталари учун «Ҳисоб-китобни текшириш» функцияси амалга оширилгунича қўллаш имкони мавжуд;
Баҳсли вазиятларда хизмат кўрсатаётган банкка мурожаат қилиш тавсия этилади.
Янги амалиёт Uzcard карта эгалари учун бир қатор қулайликларни яратади. Жумладан, транзакцияга тегишли чек тақдим қилинганида Uzcard, UnionPay ва MasterCard пластик карталари орқали амалга оширилган тўловларни бекор қилиш имкони туғилди.
Таъкидлаш жоизки, «Халқаро тўлов тизими» дастурий таъминотини қўллаб-қувватловчи барча POS-терминаллар UnionPay ва MasterCard тўлов тизимига хизмат кўрсатувчи пластик карталарига Uzcard карталари қатори хизмат кўрсатади.