Шанхайда тўфон сабабли деярли 200 минг киши эвакуация қилинди
Хитойнинг Шанхай шаҳри маъмурияти Хитойга яқинлашиб келаётган “Ампил” тўфони сабабли 192,7 минг кишини хавфсиз жойларга эвакуация қилди.
Жорий йилда Хитойга ёпирилаётган 10-сонли тўфон Шанхайга 22 июль маҳаллий вақт билан пешинга яқин ёпирилиши кутилмоқда. Тўфон соҳилга етиб келганда унинг тезлиги 90 км/соатга етиши прогноз қилинмоқда.
Чжэцзян вилоятида ҳам 38 минг киши бошқа жойларга кўчирилган.
Соҳилбўйи яқинида бўлган 28 мингдан кўпроқ кема, жумладан 22,9 мингта балиқ овловчи қайиқлар соҳилга қайтган, яқин икки кун ичида денгизга чиқмаслик тавсия қилинган. Қурилиш майдонлари, сайёҳлик объектлари, кўнгилочар боғлар, пляжлар, соҳилбўйига чиқиш жойлари ёпиб қўйилган. 22 июлга очиқ ҳавода ўтказилиши белгиланган йирик спорт тадбирлари бекор қилинган.
Фавқулодда хизматлар қурбонлар ва йирик талофат кўрилишига йўл қўймаслик учун тўлиқ тайёргарлик ҳолатига келтирилган.