Жаҳон | 08:37 / 06.11.2025
1647
3 дақиқада ўқилади

Филиппинда “Калмаеги” тўфони оқибатида ҳалок бўлганлар сони ортмоқда

Филиппинда табиат офати сабаб камида 140 киши ҳалок бўлди, яна 127 киши бедарак йўқолганлар сифатида қидирилмоқда. “Калмаеги” тўфони катта миқёсда вайронагарчиликка сабаб бўлиб, бу йил минтақадаги энг кучли офатлардан бирига айланди.

Филиппиннинг фавқулодда ҳолатлар бўйича идораси 6 ноябр куни маълум қилишича, “Калмаеги” тўфони оқибатида мамлакат бўйлаб камида 140 киши ҳалок бўлган. Яна 127 киши бедарак деб ҳисобланмоқда.

Офатдан жабрланган ҳудудларни кузатган ҳарбий вертолёт ҳалокатида олти киши нобуд бўлди. Қолган қурбонлар тошқинлар, ағдарилган дарахтлар ва бинолар вайроналари туфайли ҳалок бўлган. 430 мингдан ортиқ киши уйини тарк этишга мажбур бўлди.

Табиий офат мамлакатнинг энг йирик орол гуруҳлари — Лусон, Висаяс ва Минданаодаги 24 та провинцияга таъсир кўрсатди. Кўплаб ҳудудларда электр таъминоти издан чиққан, ўнлаб авиақатновлар бекор қилинган.

5 ноябр куни Филиппинга ёпирилган тўфони ўта кучли шамоллар, шиддатли ёмғир ва бир неча метрли тўлқинлар билан кечди. Филиппин метеохизмати PAGASA маълумотига кўра, довул кучи бироз пасайган, бироқ шамол ҳали ҳам соатига тахминан 180 километрга етмоқда.

Кўплаб аҳоли пунктларида кўчалар тўлиқ сув остида қолган, автомобиллар оқиб кетган ёки ағдарилган, одамлар тирик қолиш учун томга чиқиб олишга мажбур бўлган. Айрим ҳудудларда талафотлар ниҳоятда катта.

Синоптиклар маълумотича, Филиппинда “Тино” номини олган “Калмаеги” етти марта қуруқликка чиқди — сўнггиси тонгги пайтда Палаван провинциясининг ғарбидаги Эл-Нидо шаҳрида қайд этилди. Тўфон чоршанба ёки пайшанба куни мамлакат ҳудудини тарк этиб, Ветнам томон йўналиши кутилмоқда. Таиланднинг шимолий ҳудудларида ҳафта охирида кучли ёмғирлар бўлиши прогноз қилинган.

Шу ораларда метеорологлар маълум қилишича, Филиппинга янги тропик циклон яқинлашмоқда. У жума ёки шанба куни қуруқликка етиб келиб, дам олиш кунларида соатига камида 240 километр тезликкача етадиган “супер-тўфон”га айланиши мумкин.

Филиппин йилига тахминан 20 та тўфон зарбасига учрайди. Улар орасида энг вайронкори — 2013 йил ноябрида 6300 дан ортиқ инсон ҳаётига зомин бўлган “Ҳайян” тўфони бўлган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид