Жаҳон | 00:16 / 23.07.2018
15528
3 дақиқада ўқилади

Дунёда 40 миллион  қул борлиги маълум қилинди 

Фото: getty images

Walk Free нотижорат ташкилоти қулликнинг турли шаклларига учраётган одамлар бўйича маълумот тақдим қилди. Ташкилотнинг ҳисоб-китобига кўра, айни вақтда дунёда бундай одамлар 40,3 млн нафарни ташкил қилади.

Ташкилот замонавий қуллик деганда “одам рад эта олмаган ёки зўравонлик, йўқ қилиш, ҳукуматни суиистеъмол қилиш ёки алдов сабабли кета олмайдиган эксплуатация ҳодисалари”ни тушунади. Бу тушунча мажбурий меҳнат, жинсий эксплуатация, болалар меҳнати, мажбурий никоҳни ҳам қамраб олади. Тадқиқотда 167 та давлат, нотижорат ташкилотлар расмий маълумотлари ва 71 мингдан кўпроқ кишининг сўров натижаларидан фойдаланилган. 

Айни вақтда қулларнинг 71 фоизини аёллар ва қизлар ташкил этади. Улардан 24,9 млни тутқунликда меҳнат қилишга мажбурлар, 15,4 млни мажбурий никоҳ қурган. Охирги 5 йил ичида 89 млн киши бир неча кун, ҳафта ёки йиллар давомида қулликнинг у ёки бу шаклига учраган.

“Замонавий қулдорлик – чегара, иқтисодиёт тармоғи ва қонун билмайдиган жиноятдир. Бу катта кўламли ва сердаромад жиноий индустриядир”, деб таъкидлаб ўтилган хабарда. 

Маълум қилинишича, қуллик Шимолий Кореяда энг кенг тарқалган бўлиб, мамлакатнинг 25 млнлик аҳолисидан 2,64 млн нафари давлат томонидан амалга оширилувчи мажбурий меҳнат билан шуғулланади.

Шимолий Кореядан ташқари, қуллик энг кенг тарқалган давлатлар ўнталигига Эритрея (1000 кишига 93 нафар қул), Бурунди (39,95 киши), МАР (22,25), Афғонистон (22,25), Мавритания (21,43), Жанубий Судан (21,43), Покистон (16,82), Камбожа (16,81) ва Эрон киради. 

Шунингдек, ривожланган давлатларда ҳам бу борада вазият мақтагулик эмас. Буюк Британия антирейтингнинг 132-ўрнидан жой олган бўлиб, қуллар минг кишига 2,08 кишини ташкил қилади. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, Британияда 136 минг қул бор, бу эса мамлакат ички ишлар вазирлигининг кўрсаткичларидан 10 баробар кўпроқдир.

АҚШ 158-ўринга қўйилган. Бу давлатда 403 минг киши, яъни ҳар 800-киши қулликда яшайди. Россия антирейтингда 64-ўринни эгаллаган. Walk Free’нинг баҳолашича, Россияда 794 минг қул бор.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, АҚШ, Буюк Британия, Нидерландия, Швеция, Бельгия, Хорватия, Испания, Норвегия, Португалия ва Черногория қуллик муаммосини ҳал қилиш учун бошқа давлатлардан кўра кўпроқ ишни амалга ошириб келмоқда.

Мавзуга оид