Ўзбекистон | 11:28 / 23.07.2018
8980
2 дақиқада ўқилади

Сўров: Марказий банк томонидан сўралганларнинг аксариятида кутилмалар бўйича умидсизлик кайфияти кузатилди

Фото: Flickr

Аҳолининг харид қобилиятини ўрганиш натижаларига кўра, 2018 йилнинг биринчи ярмида уларнинг даромадлари ва нархлар ўртасидаги мутаносибликда жиддий ўзгаришлар кузатилмади. Ўрганилаётган давр мобайнида респондентларнинг аксарияти (65 фоиз атрофи) аввалги 12 ой давомида нархлар ошиши суръати даромадларникига нисбатан юқори даражада бўлганини қайд этди. Бу ҳақда Марказий банкнинг «Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва корхоналарининг инфляцион кутилмалари» ҳисоботида айтилади.

Январь-июнь ойларида ўтказилган сўровда 750та жисмоний ва 300та юридик шахс қатнашди.

Келгуси 12 ой давомидаги кутилаётган даромадлар ва нархлар ўзгариши ўртасидаги муносабатларда ҳам умидсизлик кайфияти кузатилган бўлиб, сўровда иштирок этганларнинг деярли ярми даромадлар ошиши нархлар кўтарилишидан паст даражада бўлишини кутмоқда.

Юридик шахслардан келгуси 12 ойда иш ҳақи ошиши бўйича кутилмалари ўрганилганда, уларнинг аксарияти 10-20 фоиз оралиғида ошишини кўрсатган. 20 фоиздан юқори даражада ошишини билдирган тадбиркорлар улуши январда 29 фоизни ташкил этиб, июнда 22 фоизгача тушди. Иш ҳақи ошиши 10 фоиздан паст бўлишини қайд этганлар улуши январда 20 фоиздан июнга келиб 23 фоизгача кўтарилди.

Ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар аҳолининг жамғариш кайфиятига ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда. Сўровда иштирок этган жисмоний шахсларнинг 50 фоиздан ортиғи жамғармаларни тадбиркорликка ишлатиш истагидалигини билдирган.

Мавзуга оид