Light | 22:57 / 23.07.2018
28094
5 дақиқада ўқилади

Юракларни ларзага солувчи 15 экстремал аттракцион

Одатда, истироҳат боғларига одамлар ҳордиқ чиқариш учун боришади. Аммо қуйидаги аттракционларга чиқишга ҳамманинг ҳам юраги дов бермайди.

1. Zip World at Penrhyn Quarry, Буюк Британия

Фото: shropshirestar.com

Аттракционга ташриф буюрганлар жарлик устига тортилган узунлиги бир ярим километрли тросда соатига 151 километр тезликда ҳаракатланади. Айтишларича, пастдаги тоғлар ва кўл манзарасидан шу тарзда баҳра олиш мумкин экан. Албатта, агарда қўрқувдан кўзлар юмиб олинган бўлмаса.

2. «Улкан каньон», АҚШ

Фото: traveler.es

Улкан ҳалинчаклар «Гленвуд Кавернс» истироҳат боғида жойлашган. Аттракцион баландлиги 400 метрли тоғ ёнбағрида бўлиб, унинг тезлиги соатига 80 километрни ташкил этади.

Ҳалинчакда учиш 60 сония давом этади ва унга чиқмоқчи бўлганлар эҳтимолий жароҳат ва ҳатто ўлим учун паркни жавобгар қилмаслик ҳақидаги шартномага имзо чекишлари лозим.

3. Takabisha, Япония

Фото: lifehacker.ru

Fuji-Q Highland паркидаги баландлиги 43 метрли Америка тепаликлари аттракциони 121 даражали оғиш бурчагига эга бўлиб, вагонча йўловчиси вазнсизлик ҳолатида бўлади. Энг катта оғиш бурчагига эга бўлган бу аттракцион Гиннесснинг рекордлар китобига киритилган.

4. Dodonpa, Япония

Фото: themeparkguide.org

Fuji-Q Highland паркидаги яна бир аттракцион ҳам Америка тепаликларидир. У 2001 йилда очилган ва ўша пайтда энг тез аттракцион сифатида Гиннесснинг рекордлар китобига кирган. Вагончалар соатига 172 километр тезликда ҳаракатланади.

5. Sling Shot, Кипр

Фото: getty images

Бу аттракционда сизни улкан айрили чўзмада ҳавога улоқтиришади. Қурилманинг баландлиги 35 метрга тенг.

6. Big Shot, АҚШ

Фото: youtube /@the world around us

Аттракцион Stratosphere Las Vegas меҳмонхонаси томида жойлашган. Ташриф буюрувчилар 329 метр баландликка олиб чиқилади, сўнгра бирданига пастга туширилади.

7. Insanity, АҚШ

Фото: dreamstime

Stratosphere Las Vegas даги яна бир қўрқинчли аттракцион Insanity чархпалаги кўринишдан оддийгина. Фақат у 300 метр баландликда айланади. 

8. X-Scream, АҚШ

Фото: lasvegasjaunt.com

Вагонча Stratosphere Las Vegas томидаги рельслар бўйлаб ҳаракатланади ва том четидан чиқиб тўхтайди. Вагонча остидаги бўшлиқдан юрак орқага тортиб кетади.

9. Formula Rossa, БАА

Фото: intaminworldwide.com

Ferrari автомобили 2,8 сония ичида тезлигини соатига 100 кмга етказади, Ferrari World паркидаги вагончалар тезлиги эса 4,9 сония ичида  соатига 240 кмга етади. Улар Монца автодроми билан бир хил қурилган йўл бўйлаб ҳаракатланади, масофа 2,2 км.

10. White Cyclone, Япония

Фото: rollercoastertraveller.com

Ёғочдан қурилган Америка тепаликлари ташриф буюрувчини 15 қаватли бино билан тенг баландликка олиб чиқади, умумий масофа эса деярли 2 километрга тенг. 

11. Kingda Ka, АҚШ

Фото: tripsavvy.com

Нью-Жерсидаги бу аттракционнинг баландлиги 139 метр. Йўловчилар энг юқори нуқтага вертикал ҳолда кўтарилади ва шу тарзда пастга тушади.

12. EdgeWalk, Канада

Фото: dreamerjobs.com

Томда юришни хуш кўрувчилар аттракциони. Сиз телеминоранинг 116-қаватидаги майдон четида юришингиз мумкин. Майдон четлари ҳеч қандай панжара ёки тўсиқ билан ўралмаган.

13. Insano, Бразилия

Фото: travel.allwomenstalk.com

Баландлиги 14 қаватли уй билан тенг сувли тепалик деярли тўғри бурчак остида бўлиб, киши пастга жуда катта тезликда тушади. Пастда эса кичкинагина бассейн кутиб олади.

Тепаликдан пастга тушиш ўртача 5 сония вақтни олади, бу вақт бутун ҳаётингиз кўз олдингиздан ўтиши учун етарли.

14. Leap of Faith, БАА

Фото: hotelgate.com

Деярли тик ҳолатдаги сувли тепаликнинг баландлиги атиги 27 метр. Аммо пастда сизни акулалар сузиб юрадиган бассейн кутиб туради. Тўғри, сиз шаффоф туннел ичида бўласиз.

15. The High Fall, Германия

Фото: freizeitparkinfos.de

Эркин қулаш минорасининг баландлиги 61 метр. Аттракцион бир вақтнинг ўзида 30 кишини кўтариши мумкин. Номидан тушунарлики, ташриф буюрувчи энг юқори нуқтадан пастга сакрайди ва бор овози билан қичқиради.

Мавзуга оид