Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартиришва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини имзолади. Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 26 июнда қабул қилинган, Сенат томонидан 2018 йил 28 июнда маъқулланган. Ҳужжат матни “Халқ сўзи” томонидан келтирилди.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2012–ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қуйидаги ўзгартиришлар киритилмоқда:
1) 64-модданинг:
биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“Агар жиноят содир этилган кундан бошлаб қуйидаги муддатлар:
а) ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этилган кундан бошлаб — икки йил;
б) унча оғир бўлмаган жиноят содир этилган кундан бошлаб — тўрт йил;
в) оғир жиноят содир этилган кундан бошлаб — саккиз йил;
г) ўта оғир жиноят содир этилган кундан бошлаб —
ўн тўрт йил ўтган бўлса, шахс жавобгарликдан озод қилинади”;
бешинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:
“Агар ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят содир этилган кундан бошлаб ўн йил, оғир ёки ўта оғир жиноят содир этилган кундан бошлаб йигирма беш йил ўтган бўлса, шахс жавобгарликка тортилиши мумкин эмас”;
еттинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:
“Ушбу моддада назарда тутилган муддатлар ушбу Кодекснинг 150–157-моддаларида, 158-моддасининг биринчи қисмида, 159-моддасининг учинчи ва тўртинчи қисмларида, 160, 161 ва 244-2-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан қўлланилмайди”;
2) 69-модданинг олтинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“Ушбу моддада назарда тутилган муддатлар ушбу Кодекснинг 150–157-моддаларида, 158-моддасининг биринчи қисмида, 159-моддасининг учинчи ва тўртинчи қисмларида, 160, 161 ва 244-2-моддаларида назарда тутилган жиноятлар учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан қўлланилмайди”;
3) 241(1)-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“Жиноятлар тўғрисидаги аризалар, хабарлар ва бошқа маълумотларни қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш ёки кўриб чиқиш хизмат вазифаларига кирадиган мансабдор шахснинг жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириши, —
икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмиш:
а) такроран содир этилган бўлса;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган бўлса;
в) оғир оқибатларга сабаб бўлса, —
муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”.
2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2013–ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимча киритилади:
1) 187(7)-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“Тафтиш ўтказиш муддати ўттиз календарь кундан иборатдир.
Зарур бўлган тақдирда, текширилаётган субъектнинг ҳужжатлари ҳажми, фаолиятининг тури ва кўламлари ҳисобга олинган ҳолда, тафтиш муддати молия-хўжалик фаолиятининг тафтишини ўтказувчи шахснинг асослантирилган илтимосномаси бўйича суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг қарори билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ёки унинг ўринбосарининг розилигига кўра ёхуд суднинг ажрими билан:
тадбиркорлик субъектларига нисбатан ўттиз календарь кунга;
давлат органлари ва ташкилотларига, шунингдек устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда бўлган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан суриштирувнинг, дастлабки терговнинг ва суд мажлисида жиноят ишини муҳокама қилишнинг ушбу Кодексда белгиланган муддатларидан ошмайдиган муддатга узайтирилиши мумкин”;
2) 331-модда қуйидаги мазмундаги бешинчи қисм билан тўлдирилди:
“Тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлган фактлар бўйича тадбиркорлик субъектига нисбатан жиноят ишини қўзғатишга фақат Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорларининг розилиги билан ёхуд Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосарининг розилиги билан йўл қўйилади”.
3-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015–ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қуйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди:
1) 72-модданинг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“Сув қудуқларини қазишнинг белгиланган қоидаларини ва технологиясини бузиш (бундан жисмоний шахсларнинг ўз эҳтиёжлари учун, шу жумладан томорқа ер участкаларини суғориш учун ер ости сувларини якка тартибда олишга мўлжалланган қудуқларни қазиш ҳоллари мустасно), ишлатилаётган ва кузатув қудуқларини йўқ қилиб юбориш ёки шикастлантириш, сув ўзи чиқадиган қудуқларни уларни тартибга соладиган қурилмалар билан жиҳозлашга, шунингдек ишлатишга яроқсиз қудуқларни консервациялашга ёки йўқ қилишга доир чораларни кўрмаслик, сифатли ер ости сувлари ҳосил бўладиган теграда ер ости сувлари ифлосланишининг ёки сифати ёмонлашишининг манбаи бўлиб қолиши мумкин бўлган саноат, қишлоқ хўжалиги иншоотларини ва бошқа объектларни жойлаштириш, —
фуқароларга энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса —
беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”;
2) 74-модда:
биринчи қисмидаги “ер ости сувли қатламлари” деган сўзлар чиқариб ташланди;
қуйидаги мазмундаги тўртинчи ва бешинчи қисмлар билан тўлдирилди:
“Ер ости сувли қатламларидан олинадиган сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини, ер ости сувли қатламларидан сув олиш лимитларини бузиш, ер ости сувларидан ўзбошимчалик билан сув олиш, бундан жисмоний шахсларнинг ўз эҳтиёжлари, шу жумладан томорқа ер участкаларини суғориш учун сувдан умумий фойдаланиши мустасно, —
фуқароларга энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу модданинг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, —
фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”;
3) 126-модда:
номи қуйидаги таҳрирда баён этилди:
“126-модда. Кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали, шунингдек теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қопламали транспорт воситаларидан фойдаланиш”;
биринчи қисмининг диспозицияси қуйидаги таҳрирда баён этилди:
“Техник регламентга мувофиқ бўлмаган кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали транспорт воситаларидан, худди шунингдек ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатилган ёки қопламалар суртилган транспорт воситаларидан фойдаланиш”;
4) 152-модданинг биринчи қисмидаги “давлат стандартлари” деган сўзлар “техник регламентлари ёки давлат стандартлари” деган сўзлар билан алмаштирилди;
5) 153-модданинг номидаги ва диспозициясидаги “тармоқ” деган сўз чиқариб ташланди;
6) 173-модданинг номидаги ва диспозициясидаги “Стандарт талабларига ёки техник шартларга” деган сўзлар “Техник регламентларга” деган сўзлар билан алмаштирилди;
7) 212-модда:
номи қуйидаги таҳрирда баён этилди:
“212-модда. Техник регламентларга ёки стандартларнинг мажбурий талабларига риоя этмаслик”;
биринчи қисмининг диспозицияси қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“Хўжалик фаолияти субъектларининг техник регламентларга ёки стандартларнинг мажбурий талабларига риоя этмаслиги”;
учинчи қисмининг диспозициясидаги “стандартларнинг мажбурий талабларига” деган сўзлар “техник регламентларга ёки стандартларнинг мажбурий талабларига” деган сўзлар билан алмаштирилди;
8) 214-модда:
номи қуйидаги таҳрирда баён этилди:
“214-модда. Мажбурий сертификатлаштириш қоидаларини бузиш”;
биринчи қисмининг диспозицияси қуйидаги таҳрирда баён этилди:
“Тайёрловчиларнинг (тадбиркорларнинг), сертификатлаштириш органларининг ва аккредитация қилинган синов лабораторияларининг (марказларининг) маҳсулотни (ишларни, хизматларни) мажбурий сертификатлаштириш қоидаларини бузиши”;
9) 219(1)-модда қуйидаги таҳрирда баён этилди:
“219(1)-модда.Рангли металларни, уларнинг парчалари ва резги-чиқитларини, шунингдек қора металл парчалари ва резги-чиқитларини тайёрлаш, олиш, улардан фойдаланиш ҳамда уларни сотиш қоидаларини бузиш
Қимматбаҳо металлар сирасига кирмайдиган рангли металларни, уларнинг парчалари ва резги-чиқитларини, шунингдек қора металл парчалари ва резги-чиқитларини тайёрлаш, олиш, улардан фойдаланиш ҳамда уларни сотиш қоидаларини бузиш, —
рангли металларни, уларнинг парчалари ва резги-чиқитларини, шунингдек қора металл парчалари ва резги-чиқитларини мусодара қилиб, фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”;
10) 261-модданинг биринчи қисмидаги
“74-моддасининг биринчи ва учинчи қисмларида” деган сўзлар “74-моддасининг биринчи, учинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмларида” деган сўзлар билан алмаштирилди;
11) 265-модда:
биринчи қисмидаги “Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасидаги қоидаларга риоя қилиниши устидан” деган сўзлар “Техник регламентларга, стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасидаги қоидаларга риоя қилиниши устидан” деган сўзлар билан алмаштирилди:
иккинчи қисмининг:
биринчи хатбошисидаги “стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасидаги қоидаларга риоя қилиниши устидан” деган сўзлар “техник регламентларга, стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасидаги қоидаларга риоя қилиниши устидан” деган сўзлар билан алмаштирилди;
иккинчи ва учинчи хатбошиларидаги “стандартлар” деган сўз “техник регламентлар, стандартлар” деган сўзлар билан алмаштирилди;
12) 324(3)-модда биринчи қисмининг ўзбекча матнидаги “бир ой” деган сўзлар “икки ой” деган сўзлар билан алмаштирилди.
4-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштиради;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин;
ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминлайди.
5-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ушбу Қонун 3-моддасининг 3–8, ва 11-бандлари ушбу Қонун кучга кирган кундан эътиборан уч ой ўтгач амалга киритилади.
Мавзуга оид
09:59 / 13.11.2024
Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонун татбиқ этиладиган ташкилотлар рўйхати тасдиқланди
15:01 / 05.11.2024
Ню-Йоркда пиёдаларга йўлнинг исталган жойидан исталган вақтда кесиб ўтишга рухсат берилди
20:58 / 04.11.2024
Спорт соҳасида коррупциянинг олдини олиш чоралари кучайтирилади
17:49 / 23.10.2024