2019 йилдан электрон ҳисобварақ-фактуралар мажбурий бўлиши мумкин
Вазирлар Маҳкамасининг «Солиқ маъмуриятчилигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллашни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси ҚҲТБТ порталида жойлаштирилди.
Давлат солиқ қўмитаси (лойиҳани ишлаб чиқувчи) Жиззах ва Хоразм вилоятларида 2018 йилнинг 1 октябридан 31 декабригача бўлган даврда тажриба ўтказишни таклиф қилмоқда. Тажриба моҳияти – барча хўжалик юритувчи субъектлар томонидан электрон ҳисобварақ-фактураларни мажбурий тартибда расмийлаштиришни тест режимида жорий этиш. Қизиғи шундаки, электрон ҳисобварақ-фактураларга ҳозирги вақтда алоҳида расмийлаштириладиган товар-транспорт юкхатлари ва товар-моддий қимматликларни олишга ишончномаларнинг функцияларини бериш таклиф этилмоқда, деб ёзади Norma.
Ҳисобварақ-фактура - қатъий ҳисобот ҳужжати бўлиб, товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилиш айланмасини тасдиқлайди. Солиқ кодексининг 222-моддасида ҳисобварақ-фактурада мажбурий тартибда акс эттириладиган маълумотлар кўрсатилган.
Товар-транспорт юкхати (ТТЮ) - транспорт жараёнининг барча иштирокчилари учун ягона, товар-моддий қимматликларни умумтранспорт мақсадларидаги автомобилларда ташишларда уларнинг йўлдаги ҳаракатини ҳисобга олиш учун мўлжалланган бошланғич ҳужжат шакли. ТТЮнинг учта тасдиқланган намунавий шакли мавжуд:
• шаҳар ичида ва шаҳар атрофида ташишда;
• шаҳарлараро йўлларда ташишда;
• халқаро йўлларда ташишда (CMR намунавий шакли).
Ишончнома – етказиб берувчилардан товар-моддий қимматликларни олиш учун корхона томонидан ишончли шахсга бериладиган ёзма шаклдаги ваколат. Ҳужжатнинг белгиланган шакли ҳам мавжуд.
Тажриба давомида юқорида санаб ўтилган ҳужжатларни оддий қоғоз форматида (шу билан бир вақтда электрон шаклда) расмийлаштирилишига рухсат берилади. Тест режими ишга тушириладиган вақтга ДСҚ электрон ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш, сақлаш ва ҳисобга олишнинг вақтинчалик тартибини идоравий ҳужжат билан тасдиқлайди.
Келгуси йил бошидан электрон ҳисобварақ-фактуралар барча хўжалик юритувчи субъектлар учун Ўзбекистон бўйлаб мажбурий бўлиши мумкин. Олинган ва реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича келиб тушган ва ёзиб берилган ҳисобварақ-фактуралар экспорт-импорт операциялари амалга оширилганда расмийлаштириладиган электрон ҳисобварақ-фактуралар ва электрон БЮДлар (инвойслар) маълумот базалари асосида реестрга киритилади. Кўрсатилган муддатгача (1.01.2019 й.) ҚҚС маъмуриятчилиги электрон тизими жорий қилинади.
Эслатиб ўтамиз, солиқ тўловчиларни электрон ҳисобварақ-фактураларни юритишга ўқитиш – яқинда ташкил этилган «Солиқ-сервис» ДУКнинг асосий вазифаларидан бири. Электрон ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш бўйича дастурий маҳсулотлардан фойдаланадиган солиқ тўловчиларни қамраб олиш солиқ органлари ходимларининг иш самарадорлиги мезонларига (КPI) киради.
Электрон ҳисобварақ-фактураларнинг электрон айланмаси ва сақланишини таъминлаш хизматлари Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида сертификатлашдан (аккредитациядан) ўтган ташкилотларга кўрсатилиши мумкин.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Мавзуга оид
08:44 / 06.06.2022
Паррандачиликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими ўзгаради
09:01 / 08.04.2022
«Олима аёллар жамияти» нималар билан шуғулланиши маълум бўлди
07:51 / 26.03.2022
2021 йилда қурилишдаги бахтсиз ҳодисалар оқибатида 84 нафар ишчи ҳалок бўлган
07:28 / 09.03.2022