Жаҳон | 23:34 / 24.07.2018
6917
2 дақиқада ўқилади

Бельгияда 2023 йилдан бошлаб мўйна ва фуа-гра ишлаб чиқариш тақиқланади

Фото: Татьяна Андреева/РГ

Бельгияда 2023 йилдан бошлаб француз деликатеси – фуа-гра ва ҳайвонлар мўйнаси ишлаб чиқариш расман тақиқланади. 

“Ҳайвонларни мўйнаси учун ўлдириш ўтган асрларда қолиши керак. Худди шу нарса ғозларнинг фуа-гра учун мажбурий бўрдоқига боқилишига ҳам тааллуқлидир. Ҳайвонларни мўйнаси учун кўпайтириш ва ғозларни деликатес олиш учун мажбурий боқиш 2023 йилдан бошлаб ноқонуний бўлади”, деб маълум қилган Бельгиянинг ҳайвонларни асраш бўйича вазири Бен Вейтс.

ОАВ маълумотларига кўра, айни вақтда Бельгиянинг Фландрия вилоятининг ўзида мўйна олиш учун 200 минг жонзот ўлдириладиган 17 та ферма мавжуд. Фуа-гра Бельгиянинг баъзи вилоятларида 2017 йилдан бошлаб олиниши тақиқланган.

Фуа-гра – бўрдоқига боқилган ғоз ёки ўрдакнинг махсус тарзда тайёрланган жигаридир. Нормал шароитларда боқилган ғознинг жигари одатда 100 граммни ташкил қилади, бўрдоқига боқилганиники 1 кггача етади. Бельгия фуа-гра ишлаб чиқариладиган Европанинг 5 та давлатидан бири ҳисобланади. Фуа-гра, шунингдек, Франция, Испания, Болгария ва Венгрияда ишлаб чиқарилади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид