Спорт | 22:17 / 24.07.2018
18608
2 дақиқада ўқилади

Қатардаги ЖЧ-2022 обьектлари қурилишида ҳалок бўлганлар сони 4 мингдан ошди

Фото: STR/EPA

Касаба Уюшмалари Халқаро Конфедерацияси ЖЧ-2022 муносабати билан Қатарда олиб борилаётган қурилиш ишларида ўлим даражасининг фавқулодда юқорилиги ҳақида хабар тарқатди. Қайд этилишича, қурилиш майдонларида ҳар ҳафта ўртача 12 киши ҳалок бўлмоқда. Уларнинг аксариятини иммигрантлар ташкил этади.

Манба маълумотига кўра, қурилиш ишларига жалб этилган хорижлик фуқароларнинг умумий сони 1,2 миллион кишидан ошиб кетган. Қолаверса, маҳаллий ҳукумат яна 1 миллионга яқин меҳнат муҳожирини мамлакатга олиб киришни режалаштирмоқда.

Хабар қилинишича, ўлим ҳолатлари бахтсиз ҳодисалар туфайли эмас, асосан ўта аянчли меҳнат шароитлари сабаб юз бермоқда. Ишлаш ва яшаш учун деярли ҳеч қандай шарт-шароит бўлмагани ҳолда ишчилар 50 градус иссиқда ҳам меҳнат қилишга мажбур бўлишмоқда. Иш берувчилар ўта тартибсиз бошқарувни йўлга қўйган бўлиб, уларнинг қўл остидагиларга таҳдид қилиши, ойлик маошларини тўламаслиги, паспортини олиб қўйиб қайтариб бермаслиги каби ҳоллар тез-тез кузатилиб турибди. Шу боисдан ушбу масалаларда ёлланма ишчилардан консулликларга бўлаётган мурожаат сони кўпайган.

Хусусан, Ҳиндистоннинг Қатардаги элчиси 2018 йилнинг дастлабки 6 ойи давомида 82 нафар ҳинд муҳожири ҳалок бўлгани, 1460 нафар ишчидан меҳнат шароитларининг талабга жавоб бермаслиги юзасидан мурожаатлар келиб тушганини маълум қилган.

Маълумотларга қараганда, 70 нафар непаллик муҳожирлар ўз консуллик идораларидан бошпана топишга муваффақ бўлган, сўнг уйларига қайтишган. Бу ишчиларнинг ҳужжатларини олиб қўйишгани, иш ҳақларини тўлашмагани ва уларга таҳдид қилишгани айтилмоқда.

Таққослаш учун айтиш мумкинки, Сочидаги Олимпиада обьектларини қуриш чоғида 60 нафар ишчи ҳалок бўлганди. ЖЧ-2010га тайёргарлик вақтида 2 нафар, ЖЧ-2014 олдидан олиб борилган қурилишларда эса 10 нафар инсон вафот этган. Қатардаги мундиалга кўрилаётган ҳозирлик эса аллақачон 4 мингдан ортиқ инсонни ҳаётдан олиб кетди.

Мавзуга оид