Ўзбекистон | 19:30 / 24.07.2018
13957
3 дақиқада ўқилади

Жондорда 50 дан зиёд хотин-қизни меҳнат билан банд қилувчи мажмуа ишга туширилди

Қишлоқ жойларда хотин-қизларни иш билан таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хотин-қизларни қўллаб қувватлаш ҳамда оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5325-сонли фармони қабул қилинган.

Мазкур ҳужжатда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, хотин-қизларни, айниқса, қишлоқ жойлардаги ёш қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш масалаларида ҳар томонлама манзилли қўллаб-қувватлаш устувор вазифалардан бири этиб белгиланган.

Бухоронинг Жондор туманида ана шундай хайрли ишга қўл урилди. Чунончи, вилоятнинг иш билан таъминланмаган аёллар қатлами юқори бўлган чекка ҳудудларида тикув цехлари очиш орқали янги иш ўринлари яратиш истаги билан чиққан тадбиркорлар ўз таклифларини билдириб, «Тадбиркор аёл» Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмаси билан ҳамкорликда бизнес режалар тузишларига кўмаклашилди.

Жондор туманидаги собиқ деҳқон хўжалиги идораси тубдан таъмирланди, «Алипаҳлавон» МЧЖга фойдаланиш учун ҳужжатлаштириб берилди.

— Бинонинг ўзида камида 50 та иш ўринлари яратилаётгани, касаначилик орқали меҳнатга яна 20 нафар аёл жалб этилаётганини инобатга олиб, корхонага 250 млн. сўмгача имтиёзли кредит маблағлари ажратилишида амалий ёрдам кўрсатилди ва ушбу тикув цехи, кўрпа тўшак тикиш, гўзаллик салони ҳамда кутубхонадан иборат мажмуа барпо этилиб ишга туширилди, — дейди биз билан суҳбатда Бухоро вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қумитаси раиси Феруза Ибрагимова.

Шунингдек, ушбу мажмуада нотинч, оғир ижтимоий аҳволдаги оилаларнинг 5 ёшгача бўлган фарзандларига таълим ва тарбия берадиган кичик гуруҳ ташкил қилиниб, туман педагогика касб-ҳунар коллежи битирувчилари ҳамда нафақага чиққан ўқитувчилар иш билан таъминланди, улар билан МЧЖ раҳбари Гулнора Раҳматова шартнома тузиб, меҳнат дафтарчалари расмийлаштирилди.

Мажмуанинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари, республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева, Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев сўзга чиқишди ва Президент фармонида тилга олинган бундай ташаббусларни олқишлашди.

Республика хотин қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева маҳаллий хотин-қизлар билан суҳбатлашди. Уларнинг келгусидаги режалари билан қизиқди.

Меҳмонлар янги очилган мажмуадаги иш жараёни билан танишиб чиқишди. Вилоят ҳокими Ў.Барноев ўз номидан мажмуага иккита кондиционер совға қилди.

Тадбир сўнгида мажмуага ташриф буюрган меҳмонлар ва қишлоқ аҳли ош тортилган дастурхонга таклиф этилдилар.

Шуҳрат Шокиржонов,
Маъруфжон Асқаров,
Kun.uz мухбирлари.

Мавзуга оид