Ўзбекистон | 19:07 / 25.07.2018
12068
3 дақиқада ўқилади

Сайлов кодекси лойиҳаси эълон қилинди 

Фото: UzReport

Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида эълон қилинди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасида сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади.

Сайловлар очиқ ва ошкора ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси президенти, Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови умумийдир.

Сайлаш ҳуқуқи сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига берилади. 

Сайловларда иштирок этаётган ҳар бир фуқаро бир овозга эга.
 
Фуқаролар жинси, ирқи ва миллати, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, таълим даражаси, жинси ва касб-ҳунаридан қатъи назар тенг сайлов ҳуқуқига.

Суд томонидан лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум қилиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас ва сайловларда иштирок этмайди. 

Ўзбекистон Республикаси президенти, Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг депутатлари фуқаролар томонидан бевосита сайланади. 

Сайловларда овоз бериш эркин ва яширин бўлади. Сайловчиларнинг овоз беришини назорат қилишга йўл қўйилмайди.

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш сайлов комиссиялари томонидан очиқ ва ошкора амалга оширилади.

Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан камида ўн беш аъзодан кам бўлмаган таркибда тузилади.

Ўзбекистон Республикаси президенти, Қонунчилик палатаси депутатлари, шунингдек, маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бўйича сайлов кампаниясининг бошланиши Марказий сайлов комиссияси томонидан уларнинг ваколатлари муддати тугашига уч ой қолганида оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Ўзбекистон Республикаси президентлиги, Қонунчилик палатаси депутатлиги, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодларни сиёсий партиялар илгари суриш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси президенти беш йил муддатга сайланади. Бир шахс кетма-кет икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг президенти бўлиши мумкин эмас.

Давлат тилида эркин сўзлаша оладиган, ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сайловлардан олдин камида ўн йил муддат яшаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистон Республикаси президенти этиб сайланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси президентлигига қуйидаги номзодлар рўйхатга олинмайди:

илгари қасддан жиноят содир этганлик учун судланган фуқаролар;
жиноят иши қўзғатилганлиги муносабати билан қонун томонидан таъқиб қилинаётган фуқаролар;
диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари.

Ўзбекистон Республикаси президентлигига номзодлар кўрсатиш сайловга олтмиш беш кун қолганида бошланади ва сайловга қирқ беш кун қолганида тугайди.

Ўзбекистон Республикаси президентлигига номзодлар сиёсий партияларнинг олий органлари томонидан илгари сурилади.

Ҳужжат билан regulation.gov.uz сайтида батафсил танишиш мумкин. 

Мавзуга оид