Жамият | 18:39 / 22.10.2021
4310
2 дақиқада ўқилади

Эртадан сайлов ташвиқоти тўхтатилади

2021 йил 23 октябр – Ўзбекистон президенти сайлови доирасида “сукунат куни” ҳисобланади. Яъни, шу санада ва сайлов куни сайлов ташвиқоти олиб борилмайди.

Сайлов кодексининг 44-моддасига кўра, сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида ташвиқотга йўл қўйилмайди.

Президент сайлови 2021 йил 24 октябрга белгилангани туфайли, шу куни ва 23 октябр куни сайлов бўйича ҳар қандай кўринишдаги ташвиқот олиб бориш тақиқланади.

Шунингдек, Сайлов кодексининг 103-моддасига биноан, 23 ва 24 октябр кунлари жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш (ҳаммага маълум қилиш), шу жумладан ахборот тармоқларига, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштириш тақиқланади.

Сайлов тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади. Хусусан, сайловолди ташвиқотини олиб бориш шартлари ва тартибини номзод, ишончли вакил, сиёсий партия вакили, мансабдор шахс томонидан бузиш МЖтКнинг 51-5-моддасига асосан 7 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Шунингдек, жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов ёки референдум натижалари тахминларини, шунингдек сайлов ёки референдум билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни чоп этиш (эълон қилиш) тартибини бузиш МЖтКнинг 51-9-моддасига асосан, мансабдор шахсларга БҲМнинг 15 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Маълумот учун, сайловолди ташвиқоти — сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни номзодни ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолиятдир.

Мавзуга оид