Элликқалъа туманида муаммо: ота-оналар мактабнинг кўчирилиши ҳақидаги ҳокимият қарорига қарши чиқишмоқда
KUN.UZ таҳририятига Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани, Қирққизобод овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи бир гуруҳ ватандошларимиздан мурожаат келиб тушди.
Унда аҳолининг 4-сон давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабини бошқа бинога кўчириб юборилишидан норози экани ёзилган эди.
Вазиятни ўрганиш учун Қирққизободга бориб, мурожаат қилган ота-оналар билан 4-сон мактаб биносида учрашдик, уларнинг фикрини ўргандик. Йиғилишда 30 нафардан ортиқ ўқувчининг ота-онаси иштирок этди.
Қирққизободда жойлашган 4-сон давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабида ўзбек тили чуқурлаштирилган ҳолда ўргатилади. Айни пайтда 14та синф мавжуд бўлиб, жами 355 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Мактабда 12та синф хонаси мавжуд.
Мактаб эски болалар боғчаси (мактабгача таълим муассасаси) биносида 22 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. Яқинда маҳаллий ҳокимият томонидан 4-сон мактабни шу ҳудудда жойлашган 16-сон умумтаълим ўрта мактаби биносининг бир қисмига кўчирилиши ҳақида эълон қилинган. Мактаб ходимлари ва ота-оналарнинг бир гуруҳи эса бундан норози бўлишмоқда.
4-сон давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби таълим-тарбия жараёнининг намунали ташкил қилингани билан туманда обрў қозонган. Бу мактабни тугатган ўқувчиларнинг барчаси академик лицейларга имтиҳонларни муваффақиятли топширган ҳолда қабул қилинмоқда, кўпчилиги эса олий таълим даргоҳларига ўқишга кирган.
Нима учун ота-оналар мактабнинг кўчирилишига қарши?
Ота-оналар қўмитаси раиси Баҳодир Содиқов фикрига кўра, 4-мактабда яратилган шароитлар 16-мактаб биносида мавжуд эмас, шу туфайли улар мактабнинг кўчирилишига қарши.
«Мактабимизда яратилган шароитларни бошқа ерда кўрмайсиз. Бу ердаги ходимларнинг билими, савияси ҳам юқори. Ўқувчиларга қўйилаётган талаблар ҳам юқори даражада, шунга яраша, болаларимизнинг билими бошқа мактаб ўқувчилариникидан яхшироқ. Бошқа мактабларда ўқувчиларга қўйилаётган талаблар юқори эмаслигини кўрамиз. Мана 16-мактабга кўчирилиши ҳақида гап-сўзлар бор. Аммо у ерда шароит яхши эмас, қишда газ йўқ, болалар совуқда ўтирганини кўрганмиз. 4-сон мактабимизда эса 2та газ ва 2та кўмир котёли бор. Қишда болалар иссиқ хоналарда таълим олади».
Нафақадаги аёл Холжон Элубаева фикрига кўра, мактабнинг кўчирилиши хавфсизлик нуқтаи назаридан тўғри эмас.
«Набирам шу мактабда таълим олади. Агар 16-сон мактабга кўчирилса, машина қатнови юқори бўлган катта йўлдан ўтиб боришига тўғри келади. Ўтган йили шу йўлда бир неча автоҳалокат юз бериб, болалар нобуд бўлган эди. Бундан хавотирдамиз».
66 ёшли нафақадаги аёл Дилбар Жуманиязова ҳам унинг фикрига қўшилди.
«4-сон мактабнинг ўз ўрнида қолишини талаб қиламиз. Бу ерда тартиб-интизом ҳам жойида, таълим бериш даражаси ҳам юқори. Бундан ташқари, болалар ички йўллардан мактабга келишади. 16-мактаб йўли эса хавфли. Ўтган йили ана шу йўлда бир неча бола машина тагига тушиб, нобуд бўлди».
Ота-оналар қўмитаси раиси 70 ёшли Санамжон Алимова гапига кўра, 4-мактаб учун 16-мактабдан атиги 8та синф хонаси ажратилган. Бу эса кам.
«4-мактаб коллективи жуда яхши ишламоқда, тартиб-интизом ҳам зўр. Ўзимнинг 2 набирам шу мактабда таълим олиб, кейинчалик олий ўқув даргоҳларига кирган. Бу ерда ҳар бир фаннинг алоҳида кабинети бор. Болалар дарслардан кейин, машғулотларда иштирок этишади. Бизга таклиф қилинаётган 16-мактабнинг шароити яхши эмаслигини кўрдик. Синф хоналари етишмайди. 8та синф хонасида таълим жараёнини қандай ташкил қилиш мумкин?».
Санамжон опанинг таъкидлашича, шу мактабдаги таълим сифатидан хурсанд бўлган ота-оналар йиллар давомида унинг таъмирланишига, кутубхонасининг китоблар билан тўлдирилишига ўз ҳиссасини қўшиб келишган.
«Ўз ихтиёримиз билан шу мактабнинг таъмирланишига, кутубхонасининг китоблар билан бойитилишига ҳисса қўшганмиз. Биров биздан 1 сўм пул сўрамаган. Нима қилган бўлсак, барчасини фарзандларимиз учун қилганмиз. Шу мактабдаги таълим жараёни, меҳнат жамоасининг ишини кўриб, хурсанд бўлиб, шу ишларда кўмак берганмиз».
55 ёшли уй бекаси Хотира Талханбаева сўзларига кўра, мактабнинг кўчирилишини эшитган набираси тушкунликка тушиб қолган.
«Набирам бу мактабда ўқишидан жуда фахрланади. У мактабнинг кўчириб юборилишини эшитиб, анча тушкунликка тушиб қолган. Ҳатто, «бувижон, энди бошқа ерга кўчиб кетамизми», демоқда. Яқинда мактабдаги имтиҳонларда қатнашдик. Ҳар бир ота-она ўз фарзандининг билимини, имтиҳонларда қандай жавоб беришини кузатиш имкониятига эга бўлди. Бундан жуда қувондик. Ахир бундай ҳолат қайси мактабда бор?».
Нафақадаги аёл Ўғилжон Камолова гапларига кўра, мактабни ўз ўрнида сақлаб қолиш масаласи бўйича жуда кўп ташкилотларга мурожаат қилинган, аммо натижа бўлмаган.
«Биз бу масалада жуда кўп эшикларни қоқиб бордик, мурожаат қилдик. Ҳатто, Тошкент, Нукус шаҳарларидаги мулозимлар билан учрашдик. Аммо, муаммонинг ижобий ечими топилмади. Биз ёзган мурожаатлар бўйича келган жавобларда бир гап, амалда эса бошқа гап бўлмоқда».
Ота-оналарнинг қўлида бу муаммо билан шуғулланган Элликқалъа тумани прокуратураси томонидан юборилган жавоб хати бор. Унда (диққат!) «4-сонли умумий ўрта мактаби бинодан кўчирилмаслиги ҳамда бу бинони мактабгача таълим муассасасига айлантирилмаслиги аниқланди», деб ёзилган.
«Ҳатто, Элликқалъа тумани прокуратураси жавобида мактаб кўчирилмаслиги ҳақида ёзилган. Аммо, туман ҳокимияти эса 1 августдан мактаб кўчирилади деяпти. Қайси гапга ишонишимиз керак?» - дейди Камолова.
Элликқалъа тумани ҳокимияти позицияси - мактаб кўчирилади.
Бу масала юзасидан Элликқалъа тумани ҳокими Саидамет Авезов ва туман Халқ таълими бошқармаси раҳбари Қувондиқ Юлдашев билан суҳбатлашдик.
Саидамет Авезов сўзларига кўра, 4-сон мактаб жойлашган бино ҳозирги кунда талабга жавоб бермайди ва у кўчириб юборилади. Ўрнида эса замонавий мактабгача таълим муассасаси пайдо бўлади.
«4-сон мактаб собиқ боғчанинг биносида жойлашган. У замонавий мактабга қўйиладиган санитария-гигиена талабларига жавоб бермайди. Агар мана шу талаблар доирасида текшириладиган бўлса, мактаб шу бугуноқ ёпиб юборилиши мумкин. Шу туфайли, уни 16-мактаб биносининг бир қисмига кўчирамиз. Унинг биносини эса таъмирлаб, мактабгача таълим муассасасига айлантирамиз. Айни пайтда, туманимизда болаларни мактабгача таълим муассасасига қамраб олиниши етарли даражада таъминланмаган. Биз мана шу ишларни амалга оширишимиз лозим.
16-мактаб биноси ҳозир таъмирланмоқда. Уни замонавий, шинам кўринишга келтириш ишлари олиб борилмоқда. 4-сон мактаб учун бинодаги 8та ўқув хонаси ва бунга қўшимча равишда яна 3та хонани ажратганмиз. Улар барча талабларга жавоб берадиган кўринишга келтирилади. 4-сон мактаб билан 16-сон мактаб ораси атиги 200-300 метрни ташкил қилади. Бу ўқувчилар учун қўшимча ноқулайлик туғдирмайди».
Элликқалъала тумани Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Қувондиқ Юлдашев фикрига кўра, 4-сон мактабнинг кўчирилиши таълим жараёни сифатига салбий таъсир қилмайди.
«4-сон мактаб учун ажратилган 8та хона ва яна қўшимча учта хона таълим жараёнини 2та сменада олиб бориш имкониятини беради. Биз буни ҳисоблаб кўрганмиз. Бунда ўқувчилар учун ҳеч қандай ноқулайлик вужудга келмайди. Айни пайтда мактабнинг кўчирилишидан норози бўлганлар камчиликни ташкил қилади. Ота-оналарнинг аксарияти эса бу ташаббусдан қувонмоқда. Фарзандларининг янги, замонавий бинода таълим олишидан хурсанд бўлмоқда».
Тарози палласи қайси томонга оғади?
4-сон мактаб ўқувчиларининг ота-оналари билан маҳаллий ҳокимият ўртасидаги можаронинг қисқача баёни мана шундай. Айни пайтда, келишмовчилик жиддий қарама-қаршиликка айланган.
Аслида ота-оналар мактабнинг нафақат кўчирилишидан, балки умуман тугатиб юборилишидан ҳам хавотирга тушмоқда. Бунга улар мурожаат қилган ташкилотлардан келаётган хатларнинг мазмуни сабаб бўляпти. Уларнинг аксариятида «мактаб ҳеч қаерга кўчирилмайди» деган жавоб бор (Элликқалъа тумани прокуратураси хати бунга мисол). Туман ҳокимияти эса 1 августгача мактаб биносини бўшатиб қўйишни талаб қилмоқда. Мана шу мавҳумлик кўплаб миш-мишларнинг тарқалишига, одамларнинг хавотирларига сабаб бўляпти.
Элликқалъа тумани ҳокимияти шу пайтгача ўқувчиларнинг ота-оналари билан тил топиша олмаганини, уларнинг фикрини яхшилаб ўрганмаганини гувоҳи бўлдик. Мулозимларнинг фикрига кўра, ҳокимият қарорига «шу мактабга уйи яқин бўлган бир-икки ходим ва ота-она қарши холос». Биз билан бўлган йиғилишда 30га яқин ўқувчининг ота-онаси иштирок этгани эса уларни ҳайрон қолдирди.
Айни пайтда 16-мактаб биносида синф хоналари замонавий кўриниш олиши учун таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган. Бу борада хавотирга соладиган ягона нарса - 8та синф хонасида 4-мактаб таълим жараёнининг ташкил қилинишидир (қўшимча равишда ажратилган 3та хона кичикроқ ва фақат кабинет сифатида ишлатилиши мумкин). Бундай шароитда, таълим жараёни ҳатто 2 сменада ташкил қилинса ҳам, синф хоналари етмай қолиши турган гап. Бу мактаб ўзбек тилига ихтисослаштирилган эканини инобатга оладиган бўлсак, баъзи махсус дарслар синфларни иккига бўлган ҳолда, 15 ўқувчидан ўтказилиши шарт. Бундан ташқари, чет тили, технология каби фанларда ҳам талаб шундай. 16-мактабдан эса қўшимча хоналарни олишнинг иложи йўқ, унинг ўзи ҳам қўшимча синф хоналарига муҳтож.
Умид қиламизки, мутасадди ташкилотлар муаммони ўрганиб чиқиб, қирққизободлик ота-оналар ва ҳокимият вакилларини муросага келтириб, барча учун маъқул бўлган ечимни топишга кўмаклашишади.
Нурмуҳаммад Саид
Мавзуга оид
12:43 / 19.11.2024
ДХХ: Элликқалъа ва Ғиждувонда ҳоким ёрдамчиларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди
07:22 / 12.09.2022
ИИББ 142-мактабда ўқувчилар текширилгани бўйича изоҳ берди
16:39 / 08.09.2022
Навоийда эҳтиёжмандларга ажратилган ёрдам пуллари “туя” қилиняпти
18:48 / 15.10.2021