Жамият | 01:32 / 26.07.2018
39147
2 дақиқада ўқилади

Имтиҳон кузатувчисига бир смена учун қанча ҳақ тўланиши маълум қилинди

Фото: KUN.UZ

Тест синовлари пайтида меҳнат қилган бино раҳбарлари ва гуруҳ назоратчиларининг хизмати ҳақи белгиланди. Яъни, бир киши битта смена учун 49 452,0 сўм ҳақ олиши мумкин. 

Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига 2018/2019 ўқув йилида ўқишга қабул қилиш бўйича кириш тест синовлари ўтказилишига жалб қилинадиган бино раҳбарлари ва гуруҳ назоратчиларининг меҳнатига ҳақ тўлаш - улар ишлаётган ташкилот ва муассасаларнинг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. 

Ушбу тўлов Давлат тест марказининг далолатномаси асосида бир сменага 71 153,0 сўм (даромад солиғи ва пенсия жамғармасига ажратилмаларни чиқариб ташлаганда бир кишига 49 452,0 сўм) миқдорида тўланиши маълум бўлди.​

Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш тест синовларини ўтказишга жалб қилинадиган олий таълим муассасалари ва умумий ўрта таълим мактабларининг ходимлари билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази ўртасида тест синовларини ўтказиш жараёнида гуруҳ назоратчиси сифатида иштирок этиш тўғрисида молиявий мажбурият кўрсатилмаган шартнома тузилади.

Олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш тест синовлари жараёни якунлангач, Давлат тест маркази тест синовларини ўтказишга жалб қилинган ходимларининг тест синовларидаги иштирокини ва улар томонидан бажарилган ишлар ҳажмини тасдиқловчи маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идораларга тақдим этади.

Давлат тест маркази томонидан тақдим этилган ходимларнинг тест синовларидаги иштироки ва улар томонидан бажарилган ишлар ҳажмини тасдиқловчи маълумот (ҳужжат) асосида тест синовларини ўтказишга жалб қилинган олий таълим муассасалари ва умумий ўрта таълим мактабларининг ходимларига уларнинг асосий иш жойларидан меҳнат ҳақи тўланади.​

Мавзуга оид