Жамият | 21:53 / 26.07.2018
13004
2 дақиқада ўқилади

Исломободдан Бобурга тегишли қўлёзма топилди

Туркманистон Фанлар академияси Махтумқули номидаги Тил ва адабиёт институти мутахассисларининг Покистон Ислом Республикасига илмий сафари пайтида Исломобод Миллий кутубхонаси фондида Бобур девонининг қўлёзмаси топилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати Туркманистон Фанлар академияси Махтумқули номидаги Тил ва адабиёт институти етакчи илмий ходими, филология фанлари номзоди Раҳиммамед Куреновга асосан хабар бермоқда.

Қайд этилишича, қўлёзманинг биринчи варағида настаълиқ хатида битилган “Девони Бобур туркий” деган ёзув бор. Қўлёзманинг боши, ўртаси ва охиридаги саҳифаларга анчагина зиён етган.

Қўлёзма қоғози ва хаттотнинг услуби китоб Бобур яшаган даврда ёки ундан сал кейинроқ битилганидан дарак беради. Яқиндан танишиб чиқилганда аён бўлдики, китоб учта асарни ўз ичига олган. У “Мубаййин”дан бошланади, кейин “Девон”, охирида эса Бобурнинг “Аруз рисоласи” ёки “Мухтасар” асари билан якунланади.

Бобурнинг Исломобод Миллий кутубхонасида сақланаётган ушбу қўлёзмаси шу пайтга қадар илмий жамоатчиликка маълум эмас эди.

Мавзуга оид