Ўзбекистон | 09:08
652
2 дақиқада ўқилади

Покистон пойтахтида «Бобур» боғи барпо этилмоқда

Исломобод шаҳрида Ўзбекистон ташаббуси билан барпо этилаётган «Бобур» боғи қурилиши давом этмоқда. Лойиҳа келгусида Ўзбекистон ва Покистон халқлари ўртасидаги дўстлик ва тарихий ришталар рамзига айланиши кутилмоқда.

Фото: Дунё

Маълум қилинишича, Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Исломобод шаҳар маъмурияти раиси Соҳаил Ашраф билан учрашув ўтказган.

Мулоқот чоғида Покистон пойтахтида қурилаётган «Бобур» боғи ва «Тошкент» кўчаси лойиҳаларини такомиллаштириш, шунингдек, икки давлат ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.

Покистон томонига 2026 йил июнь ойида Ўзбекистонда Биродарлашган шаҳарлар форуми ўтказилиши ҳақида маълумот берилган. Шунингдек, Исломобод шаҳри ва Тошкент ҳамда Самарқанд шаҳарлари ўртасидаги биродарлик алоқаларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган.

Расмий музокаралардан сўнг томонлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга давлат ташрифи доирасида барпо этилиши эълон қилинган «Бобур» боғига ташриф буюриб, қурилиш ишлари билан танишган.

Ўзбекистон элчиси боғ қурилиши ўзбекистонлик дизайнер ва мутахассислар назорати остида олиб борилаётганини таъкидлаган.

“Ҳудудни янада кўркам қилиш учун экологик тоза кўчатлар экиш ва ландшафт ишлари амалга оширилади. Келгусида ушбу боғ икки халқ ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ва биродарлик рамзига айланади”, — деган элчи.

Исломобод шаҳар маъмурияти раиси Соҳаил Ашраф лойиҳани юқори баҳолаб, бундай ташаббус учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирган.

Унинг таъкидлашича, қурилиш ишлари якунлангач, мазкур боғ нафақат Исломобод, балки бутун Покистондаги энг замонавий ва гўзал дам олиш масканларидан бирига айланиши мумкин.

Шунингдек, Покистон томони шаҳарни ободонлаштириш ишларида ўзбекистонлик дизайнер ва лойиҳачилар билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини маълум қилган.

Ташриф давомида томонлар Исломобод шаҳрида барпо этилаётган «Тошкент» кўчасини ҳам кўздан кечириб, уни замонавий шаҳар кўчаларидан бирига айлантириш бўйича истиқболдаги вазифаларни белгилаб олган.
 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид