Жаҳон | 07:58 / 26.07.2018
6195
2 дақиқада ўқилади

Ким Чен Ин ҳарбийлар овқатланишини яхшилашга чақирди

Фото: KCNA/via REUTERS

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Корея халқ армиясини озиқ-овқат билан таъминловчи корхоналардан бирига ташриф буюриб, корхона ишчиларини “режани доимо ошиғи билан бажаришга ва Ким Чен Ин халқ қуролли кучлари аскарларига ҳеч қачон ҳеч нарсани аямаганини ёддан чиқармасликка” чақирди.

Ким Чен Иннинг корхонага ташрифи Шимолий Корея апрелда ракета-ядровий дастуридан воз кечиб, эътиборни замонавий иқтисодиётни яратишга қаратганидан кейин унинг турли иқтисодий объектларга катта эътибор қаратиши билан боғлиқ инспекциялари доирасида ўтган. 

Шу билан бир вақтда Reuters ахборот агентлиги Ким Чен Иннинг озиқ-овқат корхонасига ташрифини ўтган йил шимоллик аскарнинг Жанубий Кореяга қочиб кетгани билан боғламоқда. Қочоқ ҳарбий ўз хатти-ҳаракатини жуда оддий, бироқ муҳим сабаб – ҳарбий хизмат вақтида тўйиб овқат емаслиги ва аскарлар рационида оқсил миқдори юқори бўлган таомлар йўқлиги билан тушунтирган. Reuters’нинг фикрича, Ким Чен Иннинг озиқ-овқат ишлаб чиқарувчиларни протеинга бой соядан кўпроқ маҳсулотлар олишга чақириғи қочоқ аскар айтганларининг билвосита тан олиниши бўлган.   

Хорижий манбалар маълумотларига кўра, Корея халқ армияси миқдорий таркиби 1,2 млн кишини ташкил қилади. Шимолий кореялик ҳарбийлар рационининг асосини гуруч, маккажўхори, кимчхи (тузланган карам ва бошқа сабзавотлар) ҳамда соя пастаси ташкил қилади. 

Мавзуга оид