Ўзбекистон | 10:15 / 26.07.2018
7460
2 дақиқада ўқилади

МИБ томонидан 6 ой ичида ижро ҳужжатлари бўйича 8,7 трлн сўм маблағлар ундирилди

Фото: KUN.UZ

Жорий йилнинг 24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳайъатининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Маҳкама ахборот хизмати хабарида қайд этилишича, аниқланган тизимли қонун бузилишларни амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш ва ҳуқуқни қўллашда ягона амалиётни шакллантириш орқали бартараф этишга қаратилган фаолият кучайтирилиб, Бош прокуратура томонидан ишлаб чиқилган 29та қонун ҳужжатлари лойиҳалари белгиланган тартибда қабул қилинган.

Бош прокуратура ҳузурида Мажбурий ижро бюроси томонидан жорий йилнинг 6 ойи давомида истеъмолчиларга етказиб берилган энергия ресурслари ва ичимлик суви учун 14,2 трлн сўм, ижро ҳужжатлари бўйича 8,7 трлн сўм маблағлар ундирилиши таъминланган.

Шу билан бирга, ҳайъат йиғилишида 2018 йил 1-ярмида прокуратура, Департамент, Бюро ва Инспекция органлари фаолиятида йўл қўйилган айрим камчиликлар кескин танқид қилиниб, тегишли прокурорлар, Департамент, Бюро, Инспекция раҳбар ходимларининг тушунтиришлари эшитилди.

Прокуратура органлари зиммасига юклатилган барча вазифаларни сўзсиз ижро этиш, Ўзбекистон Республикаси президентининг фармон, қарор ва фармойишлари, топшириқ ва кўрсатмаларининг қатъий бажарилиши устидан назоратни янада кучайтириш топширилди.

Хусусан, ўта долзарб ҳисобланган фармацевтика тармоғини ривожлантириш, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, экспорт ҳажмини ошириш, нархлар барқарорлигини таъминлаш, бюджетга тушумларни кўпайтириш, ёшлар бандлигини таъминлаш, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” ва “Yoshlar-kelajagimiz” давлат Дастурларини амалга оширишда йўл қўйилаётган камчиликлар таҳлил қилиниб, бу борада назорат самарадорлигини ошириш кўрсатиб ўтилди.

Прокурор назорати тадбирларида қонунбузарликларнинг асл сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш, ҳуқуқни қўллаш соҳасида ягона амалиётни шакллантириш, шу жумладан, қонунчиликни такомиллаштириш, прокурор назорати амалиёти сифати ва таъсирчанлигини оширишнинг барча зарур чораларини кўриш топширилди.

Мавзуга оид