МИБ нима?
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси масъулларига кўра:
Мажбурий ижро бюроси пул ёки қарз ундириш билан шуғулланадиган ташкилот эмас. Мажбурий ижро бюроси — адолатнинг якуний босқичини таъминлайдиган орган. Унинг фаолияти бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларни тиклашга ҳамда суд қарорларининг мажбурий ижро этилишини таъминлашга қаратилган. Бу — суд ҳужжатларининг амалда бажарилиши учун жавобгар бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган. Батафсил бу ерда.
МИБнинг вазифаси — қабул қилинган қарорнинг ижросини таъминлаш. Бюро фақат ижро ҳужжати расмийлаштирилиб, ижро иши қўзғатилгандан сўнг ишга киришади. Унгача МИБ қандайдир чекловлар ёки мажбурий таъсир чораларини қўллаш ҳуқуқига эга эмас.

МИБ нима билан шуғулланади?
Бюро қуйидагилар билан шуғулланади:
- қарз, жарима ва алиментларни ундиради;
- мулкка тақиқ ва чекловлар қўяди;
- автомобил ва кўчмас мулк сотуви ва расмийлаштирилишига чеклов қўяди;
- пул билан боғлиқ бўлмаган қарорлар ижросини таъминлайди - масалан, уйдан кўчириб чиқариш, бино бузилиши, мулкни ўтказиш ёки ишга тиклаш.
МИБ жазоловчи орган ҳисобланмайди. Аввало қарздорга ихтиёрий равишда ижро этиш учун вақт берилади ва ижро этилмаган тақдирдагина мажбурий тусдаги чоралар қўлланилади.
Баъзан ижро иши жарима ва чекловлар қўлламасдан ҳам якунланади. Масалан, Мирзо Улуғбек туманида МИБ Куба фуқароси фойдасига алимент ундириш тўғрисидаги ишни кўриб чиққан. Тушунтириш ишлари давомида давлат ижрочиси томонларга уларнинг мажбуриятлари ҳамда тўловни амалга оширмаслик оқибатларини тушунтирди. Натижада эр-хотин ўзаро келишувга эришди, оила яраштирилди, ижро иши эса тугатилди. Батафсил бу ерда.
Яъни МИБ ҳар қандай йўл билан жазолашга эмас, балки қарор ижросига эришишга ҳаракат қилади ва айрим ҳолларда бу кескин чораларсиз амалга ошади.

















