Барча соҳаларда бўлгани каби олий таълим тизимида ҳам жиддий ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Лекин сифатли мутахассис тайёрлаш учун ушбу ўзгаришлар етарли эмас. Кадрлар тайёрлаш тизимида қатор муаммолар борки, уларни ҳал этмай туриб, етук мутахассислар тайёрлаш ҳақида гапириш эрта, дейилади “Маърифат” нашрида эълон қилинган мақолада.
Аввало, олий таълимга талабаларни қабул қилиш тизимини бутунлай ўзгартириш керак. Сабаби, ҳозирги тизим ўқишга қабул қилинаётган талабанинг шу соҳага қай даражада иқтидори ва қобилияти бор-йўқлигини аниқлаш имкониятини бермайди.
Абитуриентнинг хотираси кучли бўлиши ва белгиланган блоклар бўйича тестларни ёдлаб олиши мумкин. Бироқ у танлаган соҳасига қизиқадими, иқтидори борми, келажакда шу касбнинг етук мутахассиси бўлиб ишлай оладими каби саволлар очиқ қолмоқда.
Айрим хорижий давлатлардаги олий таълим муассасалари қошида бир йиллик тайёрлов курслари мавжуд бўлиб, уларда абитуриентнинг танлаган касбига қизиқиши ва айнан шу йўналишга иқтидори бор-йўқлиги аниқланади ҳамда шунга қараб олий таълим муассасаларига ўқишга киришга тайёрлайди. Бизда ҳам шу каби тизим жорий этилиши фойдадан холи бўлмайди.
Олий таълим тизимида юритилаётган меъёрий ҳужжатлар сони ва сифати ҳақида кўп гапирилаётган бўлишига қарамасдан ҳалигача мазкур масала ҳал этилмаяпти. Масалан, давлат таълим стандарти, малака талаблари, намунавий фан дастурлари, ишчи фан дастурлари, ўқув-услубий мажмуалар, мавзувий-тақвим режа каби. Ушбу ҳужжатлардан, аслида, ўқув жараёнида деярли фойдаланилмайди. Лекин тез-тез ўтказиладиган текширув ва ўрганишлар жараёнида айнан шу ҳужжатлар талаб қилинади. Табиийки, улардан ўқув жараёнида фойдаланилмагани учун камчиликлар аниқланади.
Йирик муаммолардан яна бири меъёрий ҳужжатларга (малака талаблари, ўқув режа, дастур каби) ҳар йили узлуксиз равишда (2013 йилдан бери) “илғор хорижий тажриба”лар асосида ўзгартиришлар киритилаётганидир. Аслида, ҳужжатларга катта ўзгартиришлар киритилмайди (бир фан номи жарангдор қилиб ўзгартирилади), лекин ҳужжатлар “такомиллаштирилиши”, янгидан ишлаб чиқилиши, уларни тасдиқлатиш учун эса мутасадди идоралар розилиги ва имзолар йиғилиши шарт. Тўғри, ўзгартириш ва янгиликлар киритилишига ҳеч ким қарши эмас, агар шулар таълим сифатини яхшилашга ҳисса қўша олса! Ҳар йили киритилаётган ўзгартиришлар натижани аниқлаш имконини бермаяпти. Айтайлик, 2017 йили ўзгартириш киритилган ўқув режа асосида таҳсил олаётган талаба ўқишни 2021 йилда тамомлайди. Жорий этилган янгиликлар натижасини, талабанинг қандай мутахассис бўлиб етишганини таҳлил қилмай туриб, 2018 йилда яна янги ўқув режаси ва ҳужжатлар ишлаб чиқилмоқда.
















