Тошкентда уй-жойга муҳтож 118 нафар етим боланинг мурожаатидан 50таси эътиборсиз қолган
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан “Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ҳуқуқий кафолатлари: амалиёт, муаммо ва истиқболдаги режалар” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида ижтимоий ҳимояга муҳтож, ота-она қарамоғидан маҳрум ҳамда етим болаларни ижтимоий ҳимоя қилишга оид қонунчиликни янада такомиллаштириш масалалари муҳокама этилди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси сайти хабар бермоқда.
Депутатлар ҳамда таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя соҳаси вакиллари, ҳуқуқ-тартибот органлари ва нодавлат-нотижорат ташкилотлари ходимлари иштирок этган тадбирда ота-она қарамоғидан маҳрум ва етим болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг таълим олиши, соғлиғини муҳофазалаш, ҳаётга мослашиши бўйича қонунчилик тарқоқ ҳолатда, яъни бир нечта қонунларда акс эттирилганлиги таъкидланди. Бундай болаларни ҳимоя қилиш борасида алоҳида яхлит қонун қабул қилинмаган. Шу боис, айрим ҳолатларда уларнинг таълим олиш, меҳнат қилиш, ҳатто уй-жойга эга бўлиш ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари учрамоқда.
Депутатларнинг ўрганишлари чоғида, масалан, Тошкент шаҳрида 2016-2017 йиллар давомида уй-жойга муҳтож бўлган 118 нафар етим боланинг аризаси рўйхатга олингани, улардан 50таси бугунги кунга қадар ҳам ҳал этилмагани аниқланган. Айрим ҳудудларда бундай болаларга ажратилаётган уйларнинг аҳволи яхши эмаслиги, эски ва нураб кетгани, кўп қаватли уйлардаги хонадонларнинг коммунал тизими носозлиги, яшаш шароити яратилмагани, шу жумладан ижарага берилганларининг шартнома муддатлари тугаши билан чиқариб юборилиши, хусусийлаштириш мумкин эмаслиги ижтимоий ҳимоядаги болалар олдига кескин муаммоларни келтириб чиқармоқда. Бундай ҳолатларга Тошкент шаҳрида, Қашқадарё, Сирдарё, Сурхондарё, Наманган вилоятларида дуч келинган.
Айни муаммолардан келиб чиқиб, давра суҳбатида бола ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида қўмита томонидан Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган “Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ва етим болаларнинг ижтимоий ҳимояси кафолатлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Қонун лойиҳасида ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ва етим болаларнинг алоҳида ҳуқуқлари кафолатланишини белгилаш, уларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши, соғлиғини тиклаши, уй-жой билан таъминланиши ва бошқа ижтимоий хизматлардан фойдаланишига оид нормалар қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Қонун лойиҳасида бундай болаларни ҳуқуқий жиҳатдан муҳофазалашда юридик хизмат ва суд ҳимояси каби тушунчалар киритилиб, янги механизмлар жорий қилиш таклиф этилмоқда.
Мавзуга оид
09:10 / 15.11.2024
Тошкентда дорилар савдоси билан шуғулланиб келган шахслар ушланди
18:38 / 13.11.2024
“Шароитидан ҳам, ўқитувчиларидан ҳам қўрқиб кетдим” — Тошкентдаги ўқув марказидан одамлар норози
15:05 / 12.11.2024
Тошкент ҳавосини ифлослантириши мумкин бўлган барча объектлар назоратга олинди — ҳокимлик
22:45 / 10.11.2024