Жаҳон | 16:32 / 27.07.2018
8349
2 дақиқада ўқилади

Марсга парвоз янада узоқ муддатга қолдирилиши мумкин

Фото: Fotolia

Флорида штатидан сенатор этиб сайланган астронавт Билл Нельсон НАСАнинг ҳозирги бюджети ва Дональд Трампнинг Ойга парвоз ҳақидаги режалари сабабли Марсга одамларнинг парвози 2050 йилга қолдирилиши мумкинлигидан ташвишдалигини билдирди. Бу ҳақда Phys.org ёзмоқда.

АҚШ Қизил сайёрага 2030 йилга келиб астронавтларни жўнатишни режалаштирганди, аммо НАСАда бу борада ҳали ҳам батафсил режа мавжуд эмас, режа ишлаб чиқиш етти ойга ортга сурилди. Бу қисман Трампнинг яна Ой бўйича дастурни йўлга қўйиш режаси билан боғлиқ. АҚШнинг аввалги президенти Барак Обама Марсга парвозга эътибор қаратиш зарурлигини айтиб Ойга парвозлар режалаштирилган «Юлдузлар туркуми» дастурини бекор қилганди.
 
Яна бир муаммо эса молиявий етишмовчиликдир. 2009 йилда космик парвозлар соҳасидаги муаммоларни кўриб чиқиш билан шуғулланувчи Огустин комиссияси инсоннинг Ой ёки Марсга парвозини ташкил этиш учун НАСА бюджети уч миллиард долларга оширилиши зарурлигини билдирганди. Миллий фанлар академияси эса Марсга парвоз 2050 йилдан олдин амалга ошмаслигини ҳисоблаб чиққанди.

2017 йилда Конгресс НАСАдан Марс миссияси бўйича босқичма-босқич режани тақдим этишни талаб қилганди. Explore Mars компанияси ижрочи директори Крис Карберрининг айтишича, АҚШнинг халқаро ва тижорат ҳамкорлари Қизил сайёрага парвозни амалга оширишда ёрдам беришлари мумкин, аммо улар ҳукумат ўз фикрини мунтазам ўзгартириб туришидан хавотирда.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид