Ўзбекистон | 17:24 / 27.07.2018
10300
4 дақиқада ўқилади

Самарқанд минтақавий таълим хабига айлантирилмоқда

Фото: samdu.uz

Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда таълим соҳасида кўплаб  янгиликлар кузатилмоқда. Жумладан, олий таълим тизимида сиртқи ва кечки таълим йўлга қўйилмоқда, масофадан таълим олиш имкони кўриб чиқилмоқда, иккинчи ва ундан кейинги олий маълумот олишга рухсат этилган олий таълим муассасаларининг рўйхати тасдиқланди, қатор хорижий университетларнинг филиаллари очилмоқда. Бундан ташқари, янги таълим даргоҳлари фаолияти йўлга қўйилмоқда. ОТМларга қабул жараёнлари ва имтиҳонлар олиш борасида ҳам талайгина янгиликлар мавжуд.

Бугунга келиб Самарқандни таълим хаби (маркази)га айлантириш нуқтаи назаридан ушбу йўналишга янада катта эътибор қаратилмоқда. Ҳозирда вилоятда кўплаб олий таълим муассасалари фаолият олиб бормоқда, Самарқандда янги университет - халқаро "Ипак йўли" туризм университети фаолиятининг йўлга қўйилиши ҳам мамлакатимизда туризм ва таълим соҳаларига берилаётган эътиборнинг яққол натижасидир. Айни дамда Ўзбекистонда туризмга қаратилаётган эътиборни инобатга оладиган бўлсак, ушбу таълим даргоҳининг келгусидаги аҳамияти жуда катта бўлиши шубҳасиз.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Самарқанд давлат университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ҳукумат қароридан кўзланган асосий мақсад ҳам таълим даргоҳини минтақавий университет сифатидаги ўрнини янада кучайтириш ва мавқеини оширишдан иборатдир.

Хўш, Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарори нималарни назарда тутади?

  • Қарорга мувофиқ, 2018-2021 йилларда Самарқанд давлат университети фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди;
  • 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб бакалавриат таълим йўналишлари ўқув режаларининг ихтисослик фанлари ҳажмини 30 фоизгача ошириб, ўқув режалар ва фан дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга жорий этиш, шунингдек Университет профессор-ўқитувчилари ва олимлар томонидан тайёрланган дарслик, ўқув қўлланма ҳамда бошқа ўқув-услубий адабиётларни Университет кенгашининг қарорига асосан нашрга тавсия этиш ваколатлари берилди;
  • Университетда масофавий ўқитиш тизимини йўлга қўйиш назарда тутилади;
  • Хорижий мамлакатлардан келиб, университетда таълим олаётган талабалар учун янги талабалар турар жойи қурилади ва жиҳозланади;
  • Конфуций ҳайкали ўрнатиладиган Университет ҳудудида жойлашган тўққиз қаватли ўқув ва маъмурий бинода Ўзбекистон-Хитой миллий меъморчилиги анъаналарига мувофиқ равишда қурилиш ишлари амалга оширилади ҳамда ушбу бинонинг ҳар бир қавати ривожланган хорижий мамлакатларнинг нуфузли олий таълим муассасалари андозаларига мослаштирилади;
  • Университетнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида Самарқанд 1-сонли педагогика коллежи ҳамда Самарқанд педагогика ва хизмат кўрсатиш коллежининг фаолияти тугаганидан сўнг уларнинг бино ва иншоотлари тегишли ҳудудлари билан бирга Университетга оператив бошқариш ҳуқуқи асосида берилади;
  • Университет бош биноси жойлашган ҳудудда Самарқанднинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси, тарихи, маданияти, Марказий Осиёда таълим ва маърифат маркази сифатида шаклланган анъаналари акс эттирилган архитектура ансамбли барпо этилади;
  • Университетда амалга оширилаётган илмий изланишларнинг нуфузини янада юксалтириш мақсадида фундаментал фанлар ва муҳандислик-техника фанлари соҳалари бўйича докторлик диссертациялари ҳимояларини ўтказишга мўлжалланган ихтисослаштирилган Илмий кенгашлар очилади;
  • Университет ҳузурида физика, математика, кимё ва биология соҳаларига ихтисослашган мактаб фаолияти йўлга қўйилади.

Мавзуга оид