Ўзбекистон | 12:30 / 27.07.2018
3252
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон делегацияси АҚШнинг Хельсинки комиссияси раиси Рожер Уикер билан учрашди

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2018 йилнинг 25 июль куни Америка Қўшма Штатларида амалий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси делегацияси Вашингтон шаҳрида Миссисипи штатидан сайланган сенатор, АҚШнинг Хельсинки комиссияси раиси Рожер Уикер билан учрашди.

ТИВ ахборот хизмати хабарига кўра, суҳбат давомида Ўзбекистон – АҚШ кун тартибидаги қатор масалалар муҳокама қилинди. Ўзбекистон-АҚШ парламентлараро мулоқотини ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликни давом эттириш ва кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.

Рожер Уикер президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида эришилган Ўзбекистондаги жиддий юксалишни қайд этди. Вашингтон шаҳрида ўтказилаётган Диний эркинликларни илгари суриш масалаларига бағишланган вазирлар конференциясида иштирок этиш учун мамлакатимизни таклиф этиш ташаббускорларидан бири бўлган сенатор Ўзбекистондан нуфузли делегациясининг форумда қатнашишини ижобий баҳолади ва давлатимиздаги ҳаётнинг барча жабҳаларини янада демократлаштиришга қаратилган ва сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлади.

Сенатор Рожер Уикер АҚШ Сенатининг яқинда қабул қилинган қарори муаллифларидан бири бўлиб, ушбу қарорда 2016 йил декабрь ойида Ўзбекистондаги президент сайловидан буён эътиқод эркинлиги соҳасини яхшилаш бўйича қабул қилинган чоралар, жумладан БМТнинг дин масалалари бўйича махсус вакили тавсияларини бир йил давомида амалга ошириш бўйича Олий Мажлис палаталари маъқуллаган «Йўл харитаси» юқори баҳоланади.

Мавзуга оид