Жамият | 13:33 / 28.07.2018
18949
3 дақиқада ўқилади

Наманганда замонавий метро тизимини қуриш таклиф қилинди 

Фото: wikipedia.org

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида Наманган шаҳрида замонавий метро тизимини қуриш ҳақида петиция пайдо бўлди.

Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар барчамизни бирдек қувонтирмокда. Шулар қаторида автомобиль йўлларини кенгайтириш, янги замонавий йўл усти кўприкларини қуриш жадал ривожланиб бормоқда. Наманган шаҳрида ҳам сўнгги йилларда бу масалага катта аҳамият берилмоқда. Таклифимиз, Наманган шаҳрида ер ости ва ер усти метро инфратузилмасини яратиш, чунки шаҳар аҳолиси кўпайиб бормоқда, транспорт хизматига бўлган эҳтиёж ҳам ортмоқда. Метро тизими қурилиши билан бир қанча муаммолар барҳам топади, дейилади мурожаатда.

“Биринчидан, шаҳар аҳолисининг транспорт билан боғлиқ муаммоси ечилади. 

Иккинчидан, Наманган шаҳрига келувчи меҳмон ва чет эллик туристлар ҳам метродан фойдаланишига ҳамда ички туризмнинг ривожига катта туртки бўлади. 

Учинчидан, ёзнинг иссиғида ҳам қишнинг қаҳратон совуғида ҳам метродан фойдаланиш аҳоли учун қулайлик туғдиради. Шаҳар кўркига кўрк қўшади, қолаверса маҳаллий бюджетга ҳам салмоқли ҳиссасини қўшади. 

Наманган шаҳрида метро қурилса, бу ҳам халққа, ҳам давлатга бирдек фойда келтиришига ишонамиз. Метро қурилишида сейсмик чидамлилик талабларига риоя этилса, бу транспорт тури энг хавфсиз ва ҳаракатланиш учун жуда қулайдир”, - дейилган мурожаат матнида.

Петиция муаллифининг фикрича, метрони ишга тушириш учун маҳаллий ва республика бюджети, шунингдек чет эл сармоясини жалб қилиш лозим. Давлат хусусий шерикчилиги асосида ташкил қилиниши ҳам мумкин. Ёки баъзи чет давлатларида бўлгани каби 100% чет эл сармояси ҳисобига қурилиб, 10-25 йилга чет эллик инвесторга фойдаланиш ҳуқуқини бериш мумкин. Мазкур муддат тугагач, метро маҳаллий ҳокимият балансига ўтказилиб, тушуми маҳаллий бюджетга ўтказилади. Кейинчалик бир неча бекатлардан иборат бўлган метро тизимига Наманган шаҳрига яқин туманларни боғловчи линияларни қуриш мумкин.

Мавзуга оид