Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш порталида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига киритилиши режалаштирилаётган ўзгартишлар ва қўшимча:

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 24 декабрда қабул қилинган 713-I-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексига қуйидаги ўзгартишлар киритилиши мумкин:

1) 32-моддада:

биринчи қисм қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар. Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар.”;

қуйидаги мазмундаги иккинчи – еттинчи қисмлар билан тўлдирилади:

“Уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари мулкдор берган турар жойга ўзларининг хотини (эри) ва вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар.

Оиланинг собиқ аъзолари уй, квартира мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда, агар уй, квартира мулкдори билан унинг оиласининг собиқ аъзоси ўртасида бошқа келишув белгиланмаган бўлса, мазкур турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолмайди. Агар уй, квартира мулкдори собиқ оила аъзосининг мулкий аҳволи ва бошқа эътиборга сазовор ҳолатлари унга бошқа турар жой билан ўзини таъминлашга имкон бермаса унинг мулкдорга тегишли бўлган турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи, оиланинг собиқ аъзосига нисбатан суднинг қарорига асосан маълум бир муддатга сақлаб қолиниши мумкин. Бунда суд алимент мажбуриятларини собиқ хотини (эри) ва оиласининг бошқа аъзолари фойдасига бажараётган уй, квартира мулкдорига собиқ хотини ва оиласининг бошқа аъзолари талаблари бўйича уларни бошқа турар жой билан таъминлаш мажбуриятини юклашга ҳақли.