Воқеалар ривожи

Олий таълим муассасаларида тўлов-контракт нархлари оширилгани маълум бўлгач, контракт суммасини озайтириш эвазига стипендиядан воз кечиш мавзуси атрофида жуда кўп ва хўб муҳокамалар бўлди, ҳозир ҳам давом этмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Абдурашид Абдуқодиров ва Расул Кушербаев олий таълим муассасаларида ўқиш учун контракт тўлови миқдорини пасайтириш бўйича таклифлар билан чиқиш қилди. Бунда депутатлар Ўзбекистонда табақалаштирилган тўлов-контракт жорий этишни таклиф қилишди, яъни баланд балл билан кирганлар камроқ, паст балл билан кирганлар кўпроқ контракт тўлайди.

Шундан сўнг, Олий таълим вазирлиги контракт нархлари ошганига изоҳ берди. Вазирликнинг айтишича, ҳозирда Ўзбекистонда бир талабани ўқитишнинг ўртача харажати 10,5 миллион сўм, шундан 45—80 фоиз (5,6 миллион — 7,5 миллион сўм)и талабанинг ўзига стипендия сифатида қайтариб берилади.

Мазкур баёнот берилгандан сўнг, ижтимоий тармоқларда жуда кўпчилик стипендияни бекор қилиб, контракт нархини пасайтиришни сўраб фикрлар қолдира бошлади. Хусусан, «Тролл.уз» лойиҳаси муаллифи Умид Ғофуров ҳам худди шу таклиф билан чиқди ва ўз фикрини етарлича асослашга ҳам ҳаракат қилди.

Кейин воқеалар ривожи янада қизиқарли тус олди. Вазирлик яна бир бор ушбу чақириқларга жавоб қайтарди. Бу сафар Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов «Газета.уз» нашрига берган интервьюсида стипендия аслида талабанинг ижтимоий муҳофазаси эканлиги, талабаларнинг 70 фоизи стипендияларнинг бекор қилинишига қарши чиқиши, ушбу масала бўйича якдил бир қарор қабул қилиш қийинлиги ҳақида фикр билдирди.

Бироқ вазир ушбу рақамларни айнан қаердан олганига аниқлик киритмаган. Яъни 70% рақами қаердан келди, бирор тадқиқот ёки сўровнома ўтказилганми? Ўтказилган бўлса, қачон ва унда қанча талаба қатнашган? Улар фақат контрактда ўқийдиган талабалармиди ёхуд давлат грантида ўқийдиганлар ҳам овоз берганми, улар 100% қарши чиқиши аниқ. Ҳозирча бу саволларга жавоб йўқ.