Технология | 20:54 / 30.07.2018
3733
2 дақиқада ўқилади

Арманистонлик стартапчилар суюқликни иситадиган стакан яратишди

Фото: Sputnik / Aram Gareginyan

Арманистондаги Magicup стартапи суюқликни иситадиган стакан яратди. Тугмача босилиши билан стакандаги чой ёки қаҳва 72 даражагача исийди, деб ёзмоқда Sputnik Арманистон.

"Уларни қайта тиклаш ҳам мумкин, фақат ишлаб чиқариш шароитларида. Шу боис стаканларни кейинчалик тўплаб, қайтариб олиб келишлари учун овқатланиш муассасаларигагина сотамиз. Бундай стаканни кўчада ўзи билан олиб юрганлар қаҳвани ичиб бўлиб бўшаган идишни ташлаб юборишлари мумкин. Биз эса пластикни ташлаб юборишларини истамаймиз", —деди стартап вакили Мовсес Макарян.

Стаканлар иккита деворга эга. Деворлар ўртасида иссиқлик реакциясига эга модда жойлаштирилган. Тугмача босилиши билан модда ҳаракатга тушиб иссиқлик чиқаради ва суюқликни иситади.

"Бизнинг моделимиз ҳаво ҳарорати тўрт даражагача совуқ бўлганида ҳам ишлайди. У суюқликни 72 даражагача исита олади", — деди Макарян.

Magicup стартапига талабалар асос солишган. Мовсес Макарян Сингапурдаги университетда ўқийди. Унинг ҳамкори бирга ўқийдиган ҳиндистонлик дўсти Жай Малхотра. Уларга арманистонлик тажрибали муҳандис ва химиклар ёрдам беришмоқда.

Magicup тез орада ўз технологиясини Арманистонда патентлаштирмоқчи ва корхона сифатида иш бошламоқчи. Уларнинг айтишларича, стаканларни мижозлар талабидан келиб чиқиб ликопга ҳам айлантириш мумкин.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид