Арманистондаги навбатдаги сайлов мамлакат ичидаги ҳокимият учун курашдан кўра каттароқ маънога эга бўлди: сайлов натижалари Ереваннинг Москва билан муносабатлари совуқлашуви ва Ғарбга яқинлашиш жараёни давом этишини кўрсатди.

Мавзу юзасидан Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар Жаҳонгир Акрамов ва Камолиддин Раббимов шарҳи.

— Арманистондаги сайлов натижаси нимани англатади ?

Жаҳонгир Акрамов: Аввало, бу сайловнинг энг муҳим натижаси шундан иборатки, Арманистондаги сиёсий ва геосиёсий трансформация жараёни амалда якунига етди. Арманистон жамияти ташқи босимлар ва собиқ метрополия таъсирига қарамай, танлаган сиёсий йўлидан қайтмади. Халқ 2021 йилда, Қорабоғдаги мағлубиятдан кейин ҳам, Никол Пашинянни қўллаб-қувватлаган эди. Бу сафар ҳам сайловчилар унга ишонч билдирди.

Иккинчи муҳим жиҳат – сайловнинг геосиёсий мазмунидир. Бу нафақат ички сиёсий кураш, балки Жанубий Кавказдаги кучлар мувозанатига таъсир кўрсатадиган танлов ҳам бўлди. Моҳиятан, сайлов Россия ва Ғарб ўртасидаги стратегик йўналиш масаласида халқнинг позициясини намоён этди. Албатта, Пашиняннинг ғалабаси ички сиёсий омиллар билан ҳам боғлиқ, бироқ ташқи сиёсат нуқтайи назаридан энг муҳим хулоса шуки, Россиядан узоқлашиш ва мустақил ташқи сиёсат юритишга интилаётган Арманистон ҳукуматининг йўли сайловчилар томонидан тасдиқланди.

Бу эса камида яқин беш йил давомида амалдаги ҳукумат олиб бораётган сиёсат давом этишини англатади. 2022–2023 йиллардан бошлаб шаклланган тенденциялар сақланиб қолади ва бу Жанубий Кавказда янги сиёсий тизимнинг шаклланишига хизмат қилади. Бу жараённи британиялик тарихчи ва сиёсатшунос Томас Де Уал (Thomas de Waal) таъбири билан айтганда, Жанубий Кавказда энди аввалгидек икки асосий ташқи куч маркази – Россия ва Ғарб қарама-қаршилиги ҳукмрон эмас.

Минтақа тобора мултиполяр тус олмоқда. Эндиликда Россия билан бир қаторда Туркия, АҚШ, Европа Иттифоқи, Эрон, Ҳиндистон, Хитой ва араб давлатлари ҳам мустақил геосиёсий ўйинчилар сифатида иштирок этмоқда. Бу эса Россиянинг минтақадаги аввалги устун мавқейи сезиларли даражада заифлашганини кўрсатади.

Сайлов натижаларига келсак, Никол Пашинян бошчилигидаги Фуқаролик келишуви партияси 49,8 фоиз овоз олди. Унинг асосий рақиби – россияпараст тадбиркор Самвел Карапетян билан боғланган сиёсий куч 23,3 фоиз овоз тўплади. Арманистоннинг иккинчи президенти Роберт Кочарян билан боғлиқ сиёсий куч эса 9,9 фоиз натижа қайд этди. Шунингдек, “Фаровон Арманистон” партияси парламентга кириш учун зарур бўлган 4 фоизлик тўсиқдан ўта олди.