Жамият | 21:10 / 31.07.2018
15374
3 дақиқада ўқилади

Ўксик қалблар фарёди

Меҳрибонлик уйи деганда меҳрга зор, қалби ўксик, лекин бардоши тоғ мисоли, кўзлари мунгли, бироқ юзларида табассум балқиб турган болалар кўз ўнгингизга келади. Ҳар бир етим бола кўнгли лиммо-лим орзуларга бой. Бундай болалар ҳаётда кўнгли ярим бўлиб улғайишади, улар учун қилинган яхшилик, озгина эътибор уларнинг қалбига нур ва чексиз қувонч олиб киради.

Ўзбекистонда бундай етим болаларга ғамхўрлик қилиш, меҳр бериш ва шу баробарида бировдан кам эмаслигини кўрсатиш учун давлат томонидан ҳамма шарт-шароитлар яратиб берилган. Меҳрибонлик уйларида тарбиячилар кўнгли ярим болаларга таянч ва суянч бўлишмоқда. Аммо гуруч курмаксиз бўлмайди деганларидек шу мурғак болалардан ҳам тама қилиб, иш кўрувчи инсонлар учраб турибди.

Шундай воқеалардан бирига Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳридаги 1-Меҳрибонлик уйида содир этилган ҳолатни мисол келтиришимиз мумкин. Мазкур жиноят ишида судланувчилар вояга етмаган шахсни тарбия муассасасида жиноятга жалб қилиш, ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш, вояга етмаган ожиз аҳволдаги шахсни қийнаш, ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш, шунингдек, аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш каби жиноятларни содир этганликда айбланмоқда. Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди айни пайтда Меҳрибонлик уйининг собиқ директори К.Якубов, бош ҳисобчи А.Муйдинова ва ҳисобчи А.Саидкамолова, директор ўринбосари С.Усмонов, фельдшер И.Йўлдашев, тарбиячи Х.Якубова, Р.Абдуфаттоев ва Н.Солиева, энага Д.Джурабаева ва Х.Тўраевга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқмоқда

Битта инсон жиноятини балки тушуниш мумкин, лекин бутун бир жамоа бўлиб болаларни таҳқирлаш ақлга сиғмайдиган масала. Ҳали вояга етмаган болалардан ўз манфаати йулида фойдаланган бундай инсонларни ким деб аташимиз мумкин? Қилинган ҳар бир иш жазосиз қолмаслиги аниқ. Аммо вояга етмаган бу мурғак қалблар ҳаёти қандай кечади? Ўзи шундоқ ҳам ўксик қалби янада чуқур жароҳат олмайди, деб ким кафолат беради. Бундай тубан ишларни қилишга нима мажбур қилган бўлиши мумкин? Нафсми?..

Бундай саволларнинг охири куринмайди. Инсон ер юзидаги энг олий мавжудот ҳисобланади, қомусимизнинг марказида ҳам инсон туради, инсон ва унинг манфаатлари учун қонунлар хизмат қилади. Инсон умри яхшилик ва ёмон амаллар орқали ўлчанади, ундан қоладиган ягона нарса ҳам яхшиликдир. Ўз юртини, ундаги одамларни яхши амаллари билан севадиган инсонлар кўпайса, бизнинг юртимиз гуллаб-яшнайди. Зеро, президентимиз айтганидек, “Менга миллатини севадиган одам керак”, миллатини севган инсон, ўз халқини, уларнинг келажак авлодини хор қилмайди.

Шаҳноза Ҳасанова

Мавзуга оид