Жаҳон | 16:05 / 01.08.2018
19738
1 дақиқада ўқилади

Петербургда ўзбекистонлик аёл қўлга олинди. У ИШИД жангарилари учун пул йиғишда айбланмоқда

Фото: Sputnik

Санкт-Петербургда Ўзбекистон фуқароси ИШИД террорчилик гуруҳининг жангариларини молиялаштиришда гумон қилиниб қўлга олинди. Бу ҳақда РФ Тергов қўмитаси шаҳар бошқармаси матбуот хизмати хабар берган.

1979 йилда туғилган аёлга нисбатан РФ Жиноят кодексининг 205.1-моддаси 1.1-қисмида назарда тутилган жиноят белгилари сабабли жиноий иш қўзғатилди. 

Тергов маълумотига кўра, айбланувчи 2016 йил июнидан 2017 йил октябрига қадар, Санкт-Петербург ҳудудида бўлиб турган ҳолда, ИШИД халқаро террорчилик ташкилоти таркибига кирган турли шахслардан пул маблағлари олган. Уларни ташкилот фаолиятини молиялаштириш ва ундан кейинчалик фойдаланиш учун ўзининг ҳисоб рақамидан Туркия Республикасига ўтказган.

Умуман олганда, айбланувчи жами бир миллион рублга яқин пул жўнатган.

Рўй берган ҳодисанинг барча тафсилотларини аниқлаш, шунингдек, жиноятда иштирок этган бошқа шахсларни фош этиш учун қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жиноий иш бўйича тергов давом этмоқда.

Мавзуга оид