Ўзбекистон | 08:25
1869
2 дақиқада ўқилади

Хайрулла Ибодуллаевга «Жасорат» медали тантанали топширилди

26 феврал куни Ўзбекистоннинг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонасида ватандош Хайрулла Ибодуллаевга «Жасорат» медали тантанали равишда топширилди. У Санкт-Петербургдаги фавқулодда вазиятда ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, юқоридан қулаб тушаётган ёш болани қутқариб қолгани учун ушбу мукофотга сазовор бўлди.

Фото: ТИВ

26 феврал куни Ўзбекистоннинг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонасида ватандош Ибодуллаев Хайрулла Сайдуллаевичга «Жасорат» медалини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Б.Асадов, Бош консулхона ходимлари, ватандошлар ҳамда Россия оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Маросимда сўзга чиққан элчи Б.Асадов Ўзбекистон президентининг тегишли фармонига мувофиқ, Санкт-Петербург шаҳрида содир бўлган фавқулодда ва мураккаб вазиятда ўз жони ва саломатлигини хавф остига қўйиб, кўп қаватли уйнинг юқори қисмида содир бўлган ҳодисада пастга қулаб тушаётган ёш болага амалий ёрдам кўрсатгани ва унинг ҳаётини сақлаб қолгани учун Х.Ибодуллаев «Жасорат» медали билан тақдирланганини таъкидлади.

Элчи ушбу мукофот нафақат бир инсон жасоратининг эътирофи, балки юртдошларнинг инсонийлик, бағрикенглик ва юксак маънавий қадриятларга содиқлигини ифодаловчи муҳим рамз эканини алоҳида қайд этди.

Тадбирда сўзга чиққан Хайрулла Ибодуллаев юксак эътироф учун давлат раҳбарига миннатдорлик билдириб, бундай вазиятда ҳар бир ўзбек фарзанди боланинг ҳаётини сақлаб қолишга интилиши табиий эканини таъкидлади. У ўз ҳаракатини қаҳрамонлик эмас, балки инсоний бурч, деб ҳисоблашини айтди ҳамда билдирилган ишонч ва эътибор унга катта масъулият юклашини қайд этди.

Маросим иштирокчилари унинг жасоратини юксак баҳолаб, бундай эзгу ишлар ёш авлод учун ибрат намунаси бўлишини таъкидлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид