Ўзбекистон | 21:07 / 01.08.2018
8043
2 дақиқада ўқилади

“Ўзбекнефтгаз”: биржа ва  газ қуйиш шохобчаларидаги нархларни  бошқариш имконига эга эмасмиз  

Фото: ung.uz

“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг ўринбосари Одил Темировнинг айтишича, май-июнь ойларида ички биржа савдоларида суюлтирилган газ қийматининг ўсиши ёқилғи нархининг ошишига сабаб бўлди. У бу ҳақда ЎзА мухбири билан суҳбатда маълум қилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан истеъмолга чиқарилаётган газ ҳажми бу йил ўтган йилга нисбатан 26 фоизга орттирилди. Шу билан бирга, 2017 йил билан солиштирилганда, суюлтирилган газ қуядиган машиналар сони 11 мингга камайган. Шунга қарамай, биз Товар-хомашё биржасида нархларнинг ўсишини кузатмоқдамиз”, - деди Темиров.

Темировнинг сўзларига кўра, суюлтирилган газ биржага ишлаб чиқариш таннархида бир тонна учун 500 мингдан 1 миллион сўмгача бўлган қийматда чиқарилади. Савдо вақтида мижозларнинг ўзи нархни белгилайди ва энг яхши таклиф берган мижоз газни сотиб олади. 

“Ҳозирги кунда биз, ишлаб чиқарувчилар ва таъминотчилар Товар-хомашё биржасидаги нарх шаклланишини ҳам, газ қуйиш шохобчаларидаги нархларни ҳам бошқариш имконига эга эмасмиз”,- деди у.

Шу билан бирга у “Ўзбекнефтгаз” АЖ йиллик жадвал асосида ишлашини, суюлтирилган газ асосан қўшни давлатларга экспорт қилинишини ва бунинг мамлакатдаги ички талабга ҳеч қандай таъсири йўқлигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, 1 августдан Ўзбекистонда 1 килограмм суюлтирилган газ нархи 800 сўм этиб белгиланди.

Мавзуга оид