Ўзбекистон | 07:20 / 02.08.2018
4758
2 дақиқада ўқилади

Абдулазиз Комилов Фаластин ташқи ишлар вазири билан музокаралар ўтказди

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2018 йил 1 август куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Тошкент шаҳрига ташриф билан келган Фаластин давлати делегациясига бошчилик қилаётган ташқи ишлар ва экспатриантлар вазири Риёд ал-Маликий билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Турли даражадаги мунтазам Ўзбекистон – Фаластин мулоқотининг давоми сифатида вазирлар икки томонлама муносабатларнинг, жумладан БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва мустаҳкамлаш истиқболларини батафсил муҳокама қилдилар.

Суҳбат чоғида таъкидланганидек, икки томон ҳам сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришдан бирдек манфаатдор ва бу учун қўшимча имкониятларни излаб топишга тайёр.

Ўзбекистон томонининг Фаластин халқи билан унинг ўз суверен давлатини ташкил этиш интилишлари борасида бирдамлиги ва Фаластиннинг Яқин Шарқдаги можароларни тинчлик музокаралари ўтказиш йўли билан бартараф этиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаши музокаралар давомида эътироф этилди.

Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари долзарб кун тартибининг бошқа масалаларини ҳам кўриб чиқдилар.

Учрашувда Фаластин элчиси Муҳаммад Таршаҳани иштирок этди.

Мавзуга оид