Спорт | 22:06 / 02.08.2018
15043
2 дақиқада ўқилади

Макгрегор UFC рейтингида биринчи ўринга кўтарилди

Универсал кураш услуби вакили, ирландиялик жангчи Конор Макгрегор Мутлоқ жангчилар чемпионати (UFC) енгил вазни рейтингида биринчи ўринга чиқиб олди.

2016 йил ноябрь ойидан буён жанг ўтказмаган бўлса-да, 30 ёшли ирландиялик рейтингда америкалик Тони Фергюсондан ўзиб кетиб, юқори поғонага кўтарилди. Учинчи ўринни яна бир америкалик Дастин Порье эгаллаб турибди.

Эслатиб ўтамиз, енгил вазнда UFC чемпиони россиялик Хабиб Нурмагомедов ҳисобланади. Рейтингдаги ўзгаришдан сўнг, Макгрегор чемпионлик учун асосий даъвогарга айланди. Аввалроқ, Нурмагомедов - Макгрегор жанги 6 октябрь куни Лас-Вегасда ўтказилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. 

Макгрегор UFC тизимидаги энг машҳур жангчилардан бири ҳисобланади. У 24та жанг ўтказиб, 21та ғалабага (18таси муддатидан олдин) эришган ва уч марта мағлуб бўлган. У бир вақтнинг ўзида турли вазн тоифасида (енгил ва ярим енгил вазнда) чемпион бўлган UFC тизимидаги ягона жангчидир. Шу йилнинг январь ойида Макгрегор фаол бўлмагани туфайли (2016 йилдан бери жанг ўтказмаган), енгил вазндаги чемпионлик унвонидан маҳрум қилинган эди.

Нурмагомедов эса UFC чемпиони бўлган илк россияликдир. Апрель ойи бошида у америкалик Эл Яквинта устидан зафар қучди. Хабиб ўз фаолияти давомида 26та жанг ўтказиб, барчасида ғалаба қозонган (16тасида муддатидан олдин).

Мавзуга оид