Ўзбекистон | 19:55 / 03.08.2018
3853
3 дақиқада ўқилади

Японияликлар Ўзбекистонга телемедицина тизимини тадбиқ қилиш таклифини берди

Тошкент шаҳрида ўтказилган ўзбек-япон бизнес форуми доирасида бир қатор япониялик мутахассислар Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига ташриф буюришди. Делегация аъзоларини Инновация вазири Иброҳим Абдураҳмонов бошчилигидаги гуруҳ қабул қилди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати

Учрашувда “Япония-Ўзбекистон Ипак йўли” жамғармасининг тиббиёт ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ишчи гуруҳи раиси, Sakura Global Holding Co., LTD компанияси бошқарув кенгаши раиси Мацумото Кеничи, Paramount Bed Co., LTD компаниясининг халқаро масалалар бўйича вице-президенти Нодзаки Акихико, Кейо Университети тиббиёт факультети профессори Др. Осамуро Йошиюки, Кейо университетининг спорт тиббиёти илмий-тадқиқот маркази профессори Ишида Хироюки, Green Hospital Supply компанияси вице-президенти Кобаяши Хироюки, ОМЕТА ассоциацияси вице-президенти Яно Муморова бошқа Япониянинг соғлиқни сақлаш ҳамда тиббиёт соҳасидаги жамғармалар, ташкилотлар раҳбарлари иштирок этишди.

Япониялик делегация аъзолари малакали шифокорлар етишмаётган айни шароитда Ўзбекистонга телемедицина тизимини тадбиқ қилиш лозимлиги ҳақида таклиф берди. Шунингдек, Япония ва Ўзбекистондаги тиббий олий таълим муассасаларининг ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Тиббиётга доир инновацион технологияларни жорий этиш учун венчур компанияларини тузишга доир ҳужжатларни шакллантиришда япон томони ёрдам беришга тайёр эканини айтди.

Ўз навбатида, меҳмонларга вазирликда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар, жумладан, Инновацион ривожланиш вазирлиги қошида халқаро стандартлардаги лаборатор ва илмий-амалий (GLP, GSP) талабларга жавоб бера оладиган Молекуляр аллергология халқаро маркази ташкил этилаётгани, тез тиббий ёрдам тизимини такомиллаштириш чоралари амалга ошириш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилаётгани ҳақида маълумот берилди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати

Тиббиёт соҳасига инновацион технологияларни татбиқ қилиш, шу соҳада ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича ишларни амалга ошириш учун делегация раҳбари жаноб Мацумото Кеничи тиббиёт ва соғлиқни сақлаш соҳасида Японияда ҳар ой ўтказиладиган кўргазмаларга вазирлик ходимларини таклиф қилишди. Илиқ ва самимий руҳда ўтган учрашув ҳамкорлик учун пойдевор бўлиши кутилмоқда.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид