Ўзбекистон | 02:22 / 03.08.2018
56735
4 дақиқада ўқилади

«Биз ғирромлик ва қинғирликларни сезмадик». Имтиҳоннинг биринчи куни қандай ўтди?

1 август куни барча абитуриентлар (уларнинг айримлари талабага ҳам айланди) орзиқиб кутган олийгоҳларга қабул давлат имтиҳонлари бошланди. Ваъда қилинганидек, барчаси бошқача бўлиши керак эди. Kun.uz ушбу жараёнларни кузатиш учун Тошкент шаҳри, Самарқанд, Андижон, Қашқадарё, Хоразм вилоятларида мухбирлар тест синовлари ўтказилаётган биноларни кўздан кечирди. Хулоса эса турлича. 

Тошкентда нималар бўляпти?

Тест синовларининг биринчи кунида Тошкент юридик университети, Тошкент молия институти, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломати университети каби нуфузли, шу билан бирга ўтган йилларда айримларнинг шубҳасига учраган олийгоҳларга кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди. 
 

Тест топшириб чиқаётган абитуриентларнинг деярли барчаси яхши натижалардан умидвор, сўровда иштирок этганлар адолатли ва шаффоф имтиҳон ташкил этилганига ишонмоқда. 

Шунга қарамай, 2 август куни «Кўргазмасавдо маркази»да ташкил этилган тест синовлари бўлиб ўтаётган биноларга журналистлар, жамоатчилик назорати вакиллари тўлақонли фаолият олиб боришга имконият берилмади. 

Гап шундаки, ушбу биноларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Тошкент молия институтининг бўлажак талабалари сараланаётганди. Яна шубҳаларга бой, журналистлар учун ёпиқ эшиклар ортида ўтган қабул имтиҳонлари халқ орасида «Нархоз», «дипломатия» ва «молия» каби номлар билан машҳур олий таълим муассасаларга ўтказилгани гумонларни кўпайтирмоқда. Аксига олиб, расмийлар ҳам мум тишлаган, «тез орада унут бўлади» қабилида иш тутаётган мутасаддилар ҳам жим. 

«Kun.uz» сўровида иштирок этган абитуриентларнинг аксари тест синовлари шаффоф ташкил этилганига ишонч билдирган. Улардан бири шундай дейди: «Аввалги йили шовқин бўларди, хоналар иссиқ эди. Шоввозлар барибир уддасидан чиққан, албатта «бункер» ва «ректор гуруҳлари» ишлаган. Бу йил ундай ғирромликлар кўзга ташланмади». 

Чиндан ҳам, 1 август куни Республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати ва Олий ўқув юртлараро спорт мажмуасида ташкил этилган имтиҳонларнинг биринчи сменасида тартиб қатъий бўлмаса-да, «қинғирлик» ҳам йўқ эди. Ҳарқалай, биз ноқонуний ҳаракатларни сезмадик. Ота-оналар учун кузатиш майдони ораста ташкил этилган, синов бўлиб ўтаётган бино ичида ҳам шароит ёмон эмасди. 

Шу куни иккинчи сменада ташкил этилган қабул имтиҳонлари «ЎзЭкспомарказ» Миллий кўргазмалар мажмуасида бироз шубҳали кўринди. Дастлаб, синовлар бўлиб ўтаётган биринчи бинога ОАВ вакиллари киритилмаслиги шубҳа туғдирган бўлса, кейинроқ бино ичида гўёки машина калити билан ўтирган абитуриентлар ҳам борлиги маълум бўлди.

Ваҳоланки, имтиҳонга кириш пайтида паспорт ғилофидан тортиб қўл соатлари олиб қўйилиши айтилганди. 

Андижон, Хоразм ва Қашқадарёда тест синов жараёнлари қандай ўтгани ҳақида эса алоҳида мақолаларда билиб олишингиз мумкин.
 

Мавзуга оид: Қашқадарёда ўтаётган тест жараёнларида янги қурилмадан фойдаланилмоқда

              Андижонда тест синовлари: «Уддабурон» абитуриентлар

Қуёшга қарши соябонлар, кутиш залига айланган тўйхона. Урганчда тест имтиҳонларининг бир куни (фотоҳисобот)

 

 

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид