Депутат Қорақалпоғистондаги «самосуд» ҳолати бўйича муносабат билдирди
Беруний тумани Шоббоз бозорида содир бўлган воқеа юзасидан депутат муносабат билдирди, деб ёзмоқда Kruz.
Жорий йилнинг 1 август куни Беруний тумани ҳудудида жойлашган “Шоббоз” деҳқон бозорида содир бўлган нохуш воқеа юзасидан 26-сонли “Шоббоз” сайлов округидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Халилла Ешимбетов муносабат билдирди.
“Давлатимизда ҳар бир инсоннинг шаъни, қадр-қиммати, обрўси мамлакат қонунчилиги билан ҳимояланган. Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларининг таъминланиши қонун билан кафолатланган бир шароитда кечагина Беруний тумани ҳудудида жойлашган “Шоббоз” деҳқон бозорида содир бўлган мудҳиш воқеа ҳаммамизни ларзага солди.
Бош Қомусимизда “Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади. Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас”, дейилган.
Ҳар қандай ҳуқуқбузарлик ва жиноят учун жазо берувчи давлат идоралари борлигини, ҳеч кимни айби исботини топмагунча исталган фуқаро ўз хоҳиши билан жазолашга умуман ҳақи йўқлигини ҳаммамиз яхши биламиз.
Мазкур воқеадаги фуқароларнинг ҳаракатлари қонунчилигимизда ўзбошимчалик, яъни ҳақиқий ёки фараз қилинган ҳуқуқларни ўзбошимчалик билан амалга ошириш фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига зарар ёки жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса жазо муҳаррар эканлиги белгиланган.
Лекин, бу ҳодисани содир қилганлар наҳотки жиноятга қўл ураётганини билмаса?
Қонунбузарликда гумон қилинган шахс ушланган тақдирда яқин орадаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларига телефон орқали ёки шахсан бориб мурожаат қилиш талаб этилади.
Бугунги кунда жамиятнинг тез суръатлар билан ўзгариб бораётган бир пайтда, энди илгаридек, ҳа, бу воқеа менга тааллуқли эмас, унинг бизга алоқаси йўқ, деб бепарво қараб бўлмайди.
Бундай воқеаларни олдини олишда ҳамма бирдек жон куйдириб, ўзбошимчалик билан содир этиладиган ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда фуқароларимизнинг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини оширишда ҳаммамиз бирдек масъулмиз”, - дейди депутат.
Мавзуга оид
20:57 / 23.10.2024
Беруний номидаги ЮНEСКО–Ўзбекистон халқаро мукофоти таъсис этилди
07:40 / 17.07.2024
Ўзбекистонда шоир Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллиги кенг нишонланади
15:27 / 10.07.2024
Самарқандда боғдан олма ўғирлаган болаларни жазолаган эркакнинг ўзи ҳам “самосуд” қилинди
07:29 / 09.07.2024