Жамият | 13:48 / 04.08.2018
12812
3 дақиқада ўқилади

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини молиялаштириш ҳақида петиция эълон қилинди

Фото: УзА

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини молиялаштириш ҳақида петиция пайдо бўлди.

Таъкидланишича, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 27-моддасида “маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолиятининг молиявий асоси ўз маблағларидан, маҳаллий бюджетлар маблағларидан, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайрияларидан, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган ва бошқа маблағлардан ташкил топилади” деб эътироф этилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 72-моддасига мувофиқ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини сақлаб туриш харажатларини амалга ошириш белгиланган. Бироқ, амалиётда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида бугунги кунда моддий-техника базасини такомиллаштириш ва молиялаштириш масалалари бўйича ҳанузгача ўз ечимини топмаган бир қатор муаммолар мавжудлиги ва кундалик ишда ишлатиладиган ёзув қоғози, канцелярия буюмлари етишмаслиги, нусха кўчирувчи техникалар, компюьтерларнинг танқислиги, шунингдек турли газета ва журналларга обуна бўлиш ва коммунал (электр энергияси, сув ва газ) хизматларнинг тўловларини ҳам амалга ошириш лозимлиги ҳолатлари кўзга ташланади. Шуни таъкидлаш жоизки, бугунги кунда жисмоний ва юридик шахслардан тушаётган ҳомийлик хайриялари миқдори ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган бошқа маблағлар маҳалла фуқаролар йиғинининг моддий-техника базасини етарлича молиялаштириш имкониятини бермаяпти, дейилади петицияда.

Билдирилишича, агар Давлат бюджетидан молиялаштирилмаса, хайрия фонди фақатгина ойлик маош ва мукофотларга сарфланса, маҳалла фуқаролар йиғини раислари юқорида қайд этилган харажатларни қайси манбалардан қоплаб келишяпти экан ва маҳалла ҳудудидан ажратилган ер участкаларда қурилган мажмуалардан (сартарошхона, новвойхона ва бошқалардан) маҳалла хайрия фондига ўтказмалар бормикан ва қайд этилган харажатларини қоплаяптими деган саволлар туғилади.

“Шу сабабдан, 2019 йилдаги маҳаллий бюджетлар харажат қисмига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини сақлаб туриш харажатларини ўз вақтида молиялаштиришни киритиш маҳалла фуқаролар йиғинларининг фаолияти самарадорлигини янада оширишга ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга замин яратади”, - дейилади мурожаатда.

Мавзуга оид