Ўзбекистон | 12:46 / 06.08.2018
47272
5 дақиқада ўқилади

Ислоҳот кутиляпти: Ўзбекистонда пенсияларни ошириш ва уларни тайинлаш механизмини ўзгартириш режалаштирилмоқда

Фото: KUN.UZ

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида президентнинг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизимини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжатда таъкидланишича, таҳлиллар фуқароларнинг узоқ вақт ва узлуксиз ижтимоий суғурта соҳасида иштирок этишини рағбатлантириш механизмларида тизимли муаммолар борлигини кўрсатмоқда.

Пенсия таъминоти тизимининг барча учун тенглаштирилганлиги ва бирхиллаштирилганлиги оқибатида аҳолининг меҳнатга лаёқатли қисмининг кўпчилиги давлат ижтимоий суғурталаш тизими билан қамраб олинмаган.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ўрта ва узоқ муддатли келажакда пенсия тизимининг балансини таъминлашга қуйидаги омиллар салбий таъсир этиши мумкин:

биринчидан, суғурта тўловчилар даражасининг пенсия олувчиларга нисбатан кескин камлиги пенсия таъминоти тизимини стабиллик мезонига таъсир этади. Бунинг оқибатида меҳнатга лаёқатли аҳолининг 60 фоиздан кўпроғи ижтимоий суғурталаш тизими билан қамраб олинмаган, бу эса халқаро стандартларга кўра ностабил пенсия тизими деб баҳоланади;

иккинчидан, рағбатлантириш ва шаффоф механизмларнинг йўқлиги натижасида пенсия миқдори ва тўланаётган ижтимоий суғурталар ўртасидаги боғлиқликнинг кучсизланишига олиб келди, бунинг оқибатида эса охирги йилларда тўлиқсиз иш стажи билан тайинланган пенсиялар сони 10 баробарга ортди;

учинчидан, республика аҳолиси ўртасида пенсия ёшидагилар улуши ортиб бораётганлиги кузатилмоқда, охирги даврларда бир йилда ёшга доир тайинланган пенсиялар сони 200 мингтадан ортди, бу эса 2011 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 2,5 маротаба юқоридир;

тўртинчидан, собиқ иттифоқ даврида белгиланган пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ёш, жамиятдаги стабиллик ва узоқ умр кўриш ёшини ортиши натижасида бошқа давлатларга нисбатан энг паст бўлиб қолмоқда.

Ҳужжат билан қуйидагиларни назарда тутувчи фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ этиш концепцияси маъқулланиши мумкин:

биринчидан, қуйидаги йўллар билан фуқароларнинг ижтимоий суғурталаш тизимида иштирок этишини рағбатлантириш механизмларини татбиқ этиш:

ўртача ойлик иш ҳақининг миқдорини ошириш, пенсия тайинлаш учун энг кам иш ҳақининг 8 баробаридан 10 баробаригача ошириш, бу тартибни аввал тайинланган пенсияларга ҳам татбиқ этишни кўзда тутиш;

эркаклар учун 35 йил, аёллар учун 30 йил меҳнат стажидан кейин ишлаган ҳар бир йили учун энг кам иш ҳақининг 10% миқдорида пенсияларига устамалар тўлаш орқали уларнинг пенсиялари миқдорларини ошириш;

54 ёшидан пенсияга чиқиш ҳуқуқи бўлган аёллар умумий белгиланган ёшда пенсия расмийлаштирган тақдирда уларнинг пенсияларига энг кам иш ҳақининг 10% миқдорида устама белгилашни жорий этиш;

иккинчидан, ижтимоий адолатни таъминлаш мақсадида барча ишлаётган пенсионерларга пенсия тўловларини тўлиқ олиш ҳуқуқини бериш;

зарур меҳнат стажига эга бўлмаган кексалар ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга тўланаётган нафақа сингари, III гуруҳ ногиронлари учун ҳам нафақа тайинлаш механизмини жорий этиш;

кексалар уйи (пансионат)да яшовчи ёлғиз пенсионерлар тайинланган пенсия миқдорининг 50% тўлаш ҳуқуқини белгилаш;

учинчидан, пенсия таъминоти тизимини, шу жумладан жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизимида ихтиёрий иштирок этиш тадбирларини рағбатлантириш;

зарур меҳнат стажига эга бўлмаган фуқароларга давлат пенсияларини ҳисоблашда стажнинг ҳар бир етишмаётган ойи учун Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари суммасини бир марталик тартибда тўлаш ҳуқуқини бериш;

ишловчи эр (хотин)нинг меҳнатга ҳақ тўлаш кўринишидаги даромадлари ҳисобидан ишламаётган оила аъзолари учун ихтиёрий равишда ҳар бир ой учун энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида суғурта бадаллари тўлаш ҳуқуқини бериш;

жисмоний шахсларнинг жамғариб бориладиган ҳисоб рақамларига ўтказиб бориладиган маблағлар ҳисобидан жозибадор оралиқ бонусли пуллик тўловлар схемаларини қўллаш;

тўртинчидан, замонавий ва халқаро талабларга жавоб берадиган пенсия таъминоти тизими шакллантириш, бунда:

пенсия тайинлаш учун талаб этиладиган минимал стаж давомийлигини ҳар йили 2020 йилдан бошлаб бир йилдан ошириб, талаб этилган энг кам иш стажини 10 йилга етказиш;

халқаро ҳамда МДҲ мамлакатлари тажрибасини чуқур ўрганган ҳолда босқичма-босқич пенсия ёшини ошириш.

Мавзуга оид