Инфратузилма, тиббиёт, туризм: Ўзбек- Япон бизнес форуми бўлиб ўтди
International Hotel Tashkent меҳмонхонасининг анжуманлар залида Ўзбек-Япон бизнес форуми ташкил этилди. “Япония-Ўзбекистон Ипак йўли” фонди ушбу бизнес форумнинг ҳамкор ташкилоти сифатида ўз такдимоти билан иштирок этди. Форумда ишбилармон доиралар вакиллари, Япониянинг қатор университетлари вакиллари ҳамда фонднинг ташқи савдо, инвестиция ва инфратузилмалар бўйича ишчи гуруҳи раиси, “Марубени” корпорацияси маслаҳатчиси Мамору Секияма бошчилигидаги делегация аъзолари, шунингдек, Ташқи алоқалар, савдо ва инвестициялар вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, жамоат ташкилотлари ҳамда Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари қатнашишди.
Япон делегацияси аъзолари жами 50 киши бўлиб, улар дунёдаги олий нуфузли ташкилотлар - Marubeni, Shimitzu корпорациялари, Japan tobacco корхонаси, Kawasaki heavy industries ва Sakai heavy industries оғир саноат корхоналари ҳамда Япония парламентининг қуйи палатаси вакилларидан иборат.
Анжуманда ёлқилғи-энергетика соҳасида, савдо-инвестициявий ҳамкорлик бўйича самарали дастурлар, яшил технологияларни ривожлантириш ҳамда соғлиқни сақлаш бўйича долзарб масалалар муҳокама марказида бўлди.
Ўзбек-Япон бизнес форуми ишини ЖЕТРО (Япония ташқи савдо ташкилоти)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бош директори Манабу Шимояширо очиб берди.
Таъкидлаш жоизки, ЖЕТРО ташкилоти мамлакатимизда 2000 йилдан бери Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш ҳамда икки мамлакатнинг энг илғор ташкилотлари ўртасида замонавий технологияларни алмашиш бўйича фаолият юритиб келмоқда. Шунингдек, ташкилот юртимиз иқтисодиётига япон компанияларининг инвестицияларини тўғридан-тўғри жалб этиш ва соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш ишларини ташкиллаштиради.
Форумда Ўзбекистон Респибликаси Инвестициялар буйича давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов сўзга чиқди. "Инвестициялар буйича давлат қўмитасининг мақсади - Ўзбекистонда бизнесни ривожлантириш учун янада қулай шарт-шароитлар яратишдир. Бу мамлакатдаги иқтисодий вазият ҳақида маълумот бериш, эркин иқтисодий ҳудудлар ва майдонларда фаолиятни ташкил этишга кўмаклашиш, ўзаро алоқаларни қўллаб-қувватлаш, бизнес лойиҳаларни татбиқ этишнинг барча босқичларида ва жорий ҳисоботларни юритишда доимий ёрдам беришдан иборат. Биз Ўзбекистонда япон компанияларини янада кўпроқ кўришдан мамнунмиз", - деди Лазиз Қудратов.
Шундан сўнг “Япония-Ўзбекистон Ипак йўли” жамғармасининг ташқи савдо, инвестиция ва инфратузилмалар бўйича ишчи гуруҳи раиси Мамору Секияма ҳам сўзга чиқиб, Ўзбекистон раҳбарияти томонидан ҳаётга татбиқ этилаётган ташаббуслар, хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг 5 устувор йўналиши бўйича маъмурий ислоҳотлар, суд тизими мустақиллиги ва мустаҳкамлигини таъминлаш, иқтисодиётни либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш ҳамда ҳавфсизликни таъминлаш стратегиясини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда 3 та долзарб вазифа бор:
биринчиси - тегишли ташкилотлар билан мустаҳкам алоқарларни йўлга қўйиш;
иккинчиси - мамлакатларимиз ўртасидаги бизнесга оид маълумот ва ахборот алмашиш тизимини янада такомиллаштириш.
учинчиси - икки томонлама савдо, инвестиция ва инфратузилма соҳаларидаги аниқ лойиҳаларни татбиқ этиш борасида ўрганишни йўлга қўйиш.
Тадбир давомида “Sakura Global Holding” компанияси директорлар кенгаши ва ОМЕТА ассоциацияси раиси, тиббиёт ва соғлиқни сақлаш бўйича ишчи гуруҳи раиси Кеничи Мацумото ҳам сўзга чиқди:
“Ўзбекистон билан ҳамкорлигим анчадан бери давом этиб келмоқда. Бизнининг ишчи гуруҳ Ўзбекистон ва Япония ўртасида тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга хизмат қилади. Бундан ташқари биз Ўзбекистон Республикасида “Япония тиббиёт хизматларига хорижда кўмаклашиш” лойиҳасининг мустаҳкамланишига ҳам умид қиламиз. Ҳозирги кунда гуруҳнинг корпоратив аъзолари 28 та компанияни ташкил этади. Ўйлаймизки, кейинчалик бу кўрсаткич янада ортади. Таъкидлашим жоиз, биз мамлакатингиз Президенти томонидан тиббиёт соҳасига оид ташаббус ва ислоҳотларни қўллаб - қувватлаймиз. 2015 йилда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Япония бош вазири Синдзо Абе бошчилигидаги делегация таркибида мен ҳам бор эдим. Мазкур ташриф чоғида биз ўзбек-япон тиббий ахборот марказини барпо этиш ҳақидаги келишувни имзолаган эдик. Ўйлайманки мазкур марказ Ўзбекистон ва Япония ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасида ахборот алмашинувини йўлга қўйишга хизмат қилади. Мен ҳам мазкур дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга ўз ҳиссамни қўшаман".
Бундан ташқари, бизнес форумда “Глобализация ва телепаталогиядаги янги стандартлар - Ўзбекистон - Япония телетиббиётининг виртуал ипак йўли” инновацион лойиҳасининг муҳокамаси ҳам бўлиб ўтди. Ушбу лойиҳа тақдимотини Япония пўлат қуйиш корпорацияси госпиталининг телепаталогия бўлими раҳбари, Япония хусусий халқаро университети профессори Ёшиюки Осамура ўтказди.
Тадбирда берилган маълумотларга кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистон ҳудудида Япония сармояси иштирокида 10 та корхона, жумладан битта корхона 100 фоиз Япония маблағи ҳисобига фаолият юритади. Шунингдек, Япониянинг 15 та фирма ва корхоналарининг ваколатхоналари мамлакатимизда аккредитациядан ўтган. Уларнинг асосий фаолият йўналишлари нефть-газ, нефть-кимё ва кимё , энергетик ускуналар ишлаб чиқариш, машинасозлик, транспорт ва логистика ҳизматлари кўрсатиш, савдо ҳамда туризм соҳаларини қамраб олади.
Автомобиль йўллари ва магистралларнинг сифатини соз ҳолда ушлаб туриш Ўзбекистонда катта ва кичик шаҳарларнинг долзарб муаммосидир. Япон компанияларининг лойиҳалари тақдимотида сўзга чиққан “Sakai Heavy industries” корхонасининг технологиялар бўйича тижорат бошқармаси маслаҳатчиси Коджи Танака Ўзбекистонда йўл инфратузилмасини янада такомиллаштиришнинг японча услублари ҳақида гапирди.
«Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришда ўрта ва кичик ҳажмдаги газ турбиналарини амалиётга тадбиқ этиш имкониятлари» тақдимоти доирасида ёқилғи-энергетика соҳасида кўзда тутилаётган ҳамкорлик лойиҳаси билан “Kawasaki heavy industries” корхонаси вакили Рюджи Миура чиқиш қилди.
Тадбирда шунингдек, ўзбекистонликлар учун туризмни оммалаштириш мақсадида япон мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган туризм йўналишлари ҳақидаги масалалар муҳокама қилинди. Шу билан бирга, Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш ва тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш ҳамда мамлакатимизда спортчилар саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида Япония спорт тиббиёти тажрибаларини Ўзбекистонда қўллаш, Япониянинг хорижий мамлакатларда тиббиёт муассасаларини қуриш бўйича тажрибаларини ўрганиш каби масалалар ҳам иштирокчилар эътиборида бўлди.
Бизнес-форум якунида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида фикр алмашилиб, ўзаро келишувга эришилди.
Мавзуга оид
21:18 / 13.11.2024
Японияда сейсмик ёриқлар туфайли ядровий реакторни қайта ишга туширишга рухсат берилмади
19:55 / 11.11.2024
Японияда Ишиба ҳукуматининг янги таркиби тасдиқланди
17:59 / 11.11.2024
Япониянинг асосий метеорологик сунъий йўлдоши ишдан чиқди
23:27 / 10.11.2024