Спорт | 21:06 / 09.08.2018
13013
3 дақиқада ўқилади

ПФЛ Суперлига форматини ўзгартириш мантиқсизлик эканини тан олди

Икки кун олдин таҳририятимизга ПФЛ бош директори Омон Ғафуров томонидан 6 август куни имзоланган №466-сонли хат келиб тушгани, унга асосан ташкилот мавсум ўртасида Суперлига регламентига ўзгартириш киритиш борасида клублардан таклифлар сўраганини маълум қилгандик. Унда «келишилган ўйинлар вужудга келиши авж олаётгани» сабаб сифатида келтирилиб, чемпионатдаги «олтин очко» қоидасини бекор қилиш ҳақида клублар раҳбарларининг фикри сўралган.

Ўта саводсизларча ёзилган мактубга ПФЛ бош директори Омон Ғафуров имзоси қўйилган эди. Эртаси куни, яъни кеча Омон Файзуллаевич ушбу ҳолатга изоҳ бериб, Суперлига клубларига регламентни ўзгартириш масаласида хат юборилганини тасдиқлади. «Биз фақат клубларнинг ҳам «олтин очколар» қоидаси ҳақидаги фикрини билиш мақсадида хат жўнатдик», - деди Ғафуров.

Бугун эса ташкилот бош директори ўринбосари Диёр Имомхўжаев Telegram’даги каналида кеча ўз бошлиғи тасдиқлаган маълумотларни «асоссиз» деб эълон қилди:

«Суперлига форматининг ўзгариши борасидаги гап-сўзлар асоссиз. Аллақачон 20-тури якунига етган Ўзбекистон Суперлигасининг формати ўзгармайди», - деб ёзди ПФЛ расмийси.

Имомхўжаевнинг таъкидлашича, «бунда «олтин очко» қоидаси ўз кучини сақлаб қолади. Профессионал футбол лигаси мавсумнинг қоқ ўртасида чемпионат формати ўзгаришини мантиқсиз иш деб ҳисоблайди. Бунгача бўлган гап-сўзлар эса ҳеч қандай асосга эга эмас».

Ўз-ўзидан футбол жамоатчилигида бир қатор ҳақли саволлар туғилмоқда. «Мавсумнинг қоқ ўртасида чемпионат формати ўзгаришини мантиқсиз иш деб ҳисоблайдиган» ПФЛ нима учун бу масалани кўтарди? Нега кеча директор тасдиқлаган маълумотни бугун ўринбосари рад этмоқда? Ташкилот қайси фактлар асосида келишилган ўйинларнинг «вужудга келиши авж олаётгани»ни таъкидламоқда?

Профессионал футбол лигасидан ушбу ҳолатга тўла ойдинлик киритиш учун, мавсум ўртасида регламентга ўзгартириш киритиш борасида клубларнинг фикрини билиш нега керак бўлиб қолгани тўғрисида батафсил баёнот билан чиқишини кутиб қоламиз.

Қолаверса, ташкилот ўз расмий сайтига айни муҳокама мавзуси бўлган ҳужжат – 2018 йилги мусобақалар регламентини жойлаб қўйса, ўз номига муносиб профессионал йўл тутган бўларди.

Мавзуга оид