Жамият | 10:20 / 12.08.2018
17675
3 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар ИИББ МЧЖ раҳбарига нисбатан ноқонуний тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани ҳақидаги хабарга раддия берди

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

Тошкент шаҳар ИИББ интернет сайтларидан бирида эълон қилинган “BIO-FARM HAKIM” МЧЖ раҳбарига нисбатан ноқонуний тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани ҳақидаги хабарга раддия берди.

Маълум қилинишича, Р.Очилова ўзи раҳбарлик қилиб келаётган “BIO-FARM HAKIM” МЧЖ номидан “GOODS WORK GROUP” МЧЖ ўртасида қуритиш ускуналарини етказиб беришга оид 65 миллион сўмлик қалбаки шартномани имзолаган. Мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод туман прокуратураси томонидан “BIO-FARM HAKIM” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 228-моддаси 2- ва 3-қисми (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, кейинги тергов ҳаракатларини давом эттириш учун Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармасига юборилган.

Дастлабки тергов давомида Р.Очилова ҳужжатларни қалбакилаштиришдан ташқари, фирибгарлик йўли билан фуқаролар К.Баҳодир, Д.Илҳом ва Т.Шерзоднинг катта миқдордаги пул маблағларини ўзлаштириб олгани маълум бўлган. Жумладан, гумонланувчи Р.Очилова фуқаро К.Баҳодирга “BIO-FARM HAKIM” МЧЖ 25 фоизлик улушини ваъда қилиб, ундан 26 минг доллар, Д.Илҳомга ХХР ва Тайвандан биологик фаол қўшимча (БФҚ) ишлаб чиқаришга мўлжалланган ускуналарни олиб келиш учун 189 минг доллар ва Т.Шерзодга биргаликда БФҚ ишлаб чиқаришни ваъда қилиб 252 миллион 800 минг сўм пул олган, бироқ ваъдасини бажармаган.

Шу йилнинг 25 июн куни ушбу жиноят иши бўйича Р.Очилова гумонланувчи тариқасида жалб қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Просессуал Кодексининг 227-моддаси тартибида терговчининг қарорига асосан ушланган.

27 июнда эса Р.Очиловага Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-модда 3-қисми “а” банди, 168-модда 2-қисми “а,в” бандлари, 228-модда 2-қисми “а,б” бандлари ва 228-модда 3-қисми билан айблов эълон қилинган.

Р.Очиловага нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш юзасидан суд жараёни жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судида, раислик этувчи С.Бурхонов, судья ёрдамчиси И.Муҳидов, туман прокурори ёрдамчиси Ж.Усманов ва айбланувчининг ҳимоячиси И.Собиржонов (“Jus Yasin” адвокатлик бюроси ) иштирокида бўлиб ўтган.

Бундан ташқари, тергов органида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “BIO-FARM HAKIM” МЧЖга овқатга биологик фаол қўшимча ишлаб чиқариш учун 2011 йил 12 май куни берилган сертификатнинг амал қилиш муддати 2014 йил 22 март куни тугагани ҳақидаги хулосаси ҳам мавжудлиги хабар қилинмоқда.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид