Хоминаий Эрон иқтисодиётига санкциялардан ҳам кўпроқ зарар келтираётган омилни айтди
Эрон олий раҳнамоси Али Хоминаий АҚШ президенти Дональд Трампнинг икки томонлама муносабатлар ҳолатини яхшилаш учун навбатдан ташқари музокаралар ўтказиш таклифини рад этган. Бу ҳақда оятуллоҳ 13 август, душанба куни давлат телевидениесидаги чиқиши чоғида маълум қилди.
«Мен Америка билан ҳар қандай музокараларни тақиқлайман. Америка музокаралар вақтида берган ваъдаларига ҳеч қачон содиқ қолмайди», - деган Хоминаийнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Reuters агентлиги.
«Американинг ядровий келишувдан чиққани бу мамлакатга ишониб бўлмаслигининг яққол исботи бўлди», - дея таъкидлаган Хоминаий минглаб эронликлар олдида қилган чиқиши вақтида.
Айтиш ўринлики, ўтган ҳафта АҚШ Эронга нисбатан иқтисодий санкцияларни қайта жорий этганди. Америка ҳукуматига кўра, ушбу санкцияларни юмшатиш учун Эроннинг ягона чораси бор, у ҳам бўлса – Трамп маъмурияти билан музокараларга киришиш. Бироқ форс расмийлари бу таклифга аллақачон рад жавобини бериб бўлишган. Бугун Хоминаийнинг ўзи омма олдида буни тасдиқлади.
Эрон давлат раҳбарининг фикрича, Вашингтон томони Эрон билан уруш келиб чиқиш хавфи ҳақида жуда бўрттириб гапирмоқда.
«Улар Эрон билан уруш эҳтимолини жуда бўрттириб кўрсатишяпти. Уруш бўлмайди... Биз ҳеч қачон уруш бошламаганмиз ва улар ҳам Эронга ҳарбий жиҳатдан тазйиқ ўтказмайди»
Эрон сиёсатида ҳал қилувчи аҳамиятга эга сиёсатчи ўз нуқтида, шунингдек, президент Руҳоний ҳукуматини «иқтисодиётни ноқобил бошқаришда» айблади. Маълумот ўрнида, Ҳасан Руҳоний 2015 йили Эрон ядровий шартномаси бўйича жаҳоннинг етакчи давлатлари билан кенг қамровли Қўшма хатти-ҳаракатлар режасини (ҚХҲР) тузиш даврида мамлакатни сиёсий ва иқтисодий изоляциядан олиб чиқишни ваъда қилганди.
«Иқтисодиётдаги ноқобил бошқарув оддий эронликларга санкциялардан кўра кўпроқ зарар келтирмоқда. Мен буни [ўз ваъдасига] хиёнат деб эмас, балки бошқарувдаги катта хато, деб атаган бўлардим. Айнан бошқарувни такомиллаштириш ва янада самаралироқ режалаштириш орқали биз санкцияларга дош беришимиз ва уни енгиб ўтишимиз мумкин», - деган Эроннинг олий диний ва сиёсий раҳнамоси.
Қайд этиш жоиз, шу йилнинг апрель ойидан буён риал янгиланган санкциялар туфайли деярли 50 фоизга қадрсизланди. Эронлик расмийлар миллий валюта курсининг тушиб кетиши ва олтин нархининг кескин ўсишига «душманлар»ни айбдор қилиб кўрсатмоқда.
Май ойида Дональд Трамп АҚШнинг ҚХҲРдан чиқаётганини маълум қилиб, Эронга нафақат эски санкцияларни қайтариши, балки янги санкциялар киритишга ҳам ваъда берганди. У Вашингтон ҚХҲР ўрнига янги келишувни имзолашга тайёр эканига ишонтириб, бунда Эронга муайян шартларни қўйган.
Мамлакатда, шунингдек, коррупция ва бошқа иқтисодий жиноятларда айбланиб, 60 дан зиёд инсон, жумладан бир неча расмийлар қўлга олинган, улар ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
«Коррупцияга аралашган шахслар жиддий жазога тортилиши керак», - деди Хоминаий давлат телеканалидаги чиқиши вақтида.
Сўнгги бир неча ҳафта мобайнида минглаб эронлик фуқаролар баъзи озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кескин кўтарилиши, ишсизлик ва давлат органларидаги коррупция ҳолатларидан норозилик билдириб, намойишлар ўтказишди.
Мавзуга оид
14:15 / 06.11.2024
Эрон: Агар Исроил сулҳга рози бўлса, Теҳроннинг жавоби ўзгариши мумкин
19:40 / 05.11.2024
Эрон иккита сунъий йўлдошини орбитага чиқарди
08:50 / 05.11.2024
WSJ: Эрон армия иштирокида Исроилга «кучли» ҳужум тайёрламоқда
21:37 / 31.10.2024