АҚШ президенти Доналд Трамп 24 феврал кечаси Конгресс иккала палатаси вакиллари олдида мамлакатнинг ҳолати бўйича мурожаат йўллади.

«State of the Union» деб номланган мурожаат АҚШ Конституциясида белгиланган. Унда АҚШ президенти ҳар йили парламентнинг иккала палатаси олдида йиллик ҳисобот беради. Одатда бу нутқ январ ёки феврал ойларида Капитолий биносида бўлади.

Фото: Reuters

New York Times'нинг ёзишича, 1 соат 47 дақиқа давом этган нутқида Трамп деярли янги сиёсат таклиф қилмади ва кўпроқ вазиятнинг саҳнавий жиҳатларидан завқланаётгандек кўринди. Қуйида Трамп нутқидан асосий хулосалар келтирилади.

Демократларга ҳақорат

Кеча давомида Трамп залдаги демократларни масхара қилди ва уларни Америкага қарши, сайловда ютқазаётган куч сифатида кўрсатишга ҳаракат қилди. У нутқ бошидаёқ шундай усулдан фойдаланди: қонун чиқарувчиларга «Америка ҳукумати биринчи навбатда америкалик фуқароларни ҳимоя қилиши керак. Ноқонуний муҳожирларни эмас» деган баёнотига рози бўлса, ўринларидан туришни айтди.

Улар турмаганида, у танқидга ўтди. «Бу уят эмасми?» деди у. «Ўрнингиздан турмаганингиз учун уялиб кетишингиз керак. Ўзингиздан уялинг». Трамп кеча давомида шу ёндашувни такрорлаб: «Бу одамлар ақлдан озган, айтяпман сизга. Улар ақлдан озган», деди.

Республикачилар гендер сиёсати, ноқонуний миграция ва жиноятчилик каби мавзуларда уни олқишлаб ўринларидан туришди. Демократлар эса ўринларида қолиб, Трампни кўзга кўринарли даражада ғазаблантирди.

Фото: Reuters

Reutersʼнинг ёзишича, айрим демократлар — масалан, Ал Грин, Илҳан Омар ва Рашида Тлаиб Трампга бақирган. Улар учун Трампнинг миграцион қарашлари муаммоли ҳисобланади ҳамда сайловчиларининг катта қисмини норози қилади.