Тонгни 20 минг марта катта одам сифатида қаршилаймиз. Бу вақтни бекорга сарфламаслик учун нима қилиш керак?
Ҳар куни тонгда бажарадиган ишларингиз охир-оқибат кунингиз ва ҳаётингизни белгилайди.
Ўртача умр давомийлиги 70 йилни ташкил қилади. Агар одам 18 ёшда катта одамга айланади деб ҳисоблаб, натижани бутунласак, деярли 20 минг марта тонгни улғайган одам сифатида қаршилар эканмиз. Катта одам ўзи ким? Ўз ҳаракатларига жавоб берадиган ва ҳаётини ўзи истагандек ўзгартирадиган киши.
Ўйлаб кўринг-а, 20 минг марта тетик ҳолда уйғонасиз ва тоғни талқон қилишга тайёр бўласиз ёки каравотдан зўрға тушиб, тушликкача мудрайсиз.
Тонгни бор-йўғи 20 минг марта ёки ундан кам кутиб олишингизни англасангиз, вақтингизни бекор ўтказаётганингизни тушунасиз. Бундай қилишга нуқта қўйиб, тонгдан кўпроқ фойда ва завқ олиш усуллари мана бундай:
1. Вақтни эмас, қувватингизни бошқаринг
Айрим вазифалар куннинг муайян қисмида тез ва яхшироқ бажарилади. Баъзи кишиларда ижодий қувват эрталаб мўл бўлса, бошқаларида эса бу ҳолат кечки пайт ва тунда кузатилади.
Тонгда яхши бажариладиган ишни кузатинг ва айнан ўшани амалга оширинг.Ҳатто офисда ишласангиз ҳам, айрим вазифалар бажарилиш вақтини ўзгартира оларсиз.
Масалан, ижодий қувват тонгда уйғонса, ностандарт ёндашув ва янги ечимларни топиш билан боғлиқ вазифаларни бажариш мумкин. Кечки пайтга эса мижозлардан келган хатлар ва телефон қўнғироқларига жавоб бериш каби одатий ишларни қолдирса бўлади.
2. Олдиндан тайёрланинг
Уйқуга ётишдан аввал эртага бажариладиган ишлар рўйхатини тузинг. Бу тонгги вақтни тежайди ва яхши одатни шакллантиришда ёрдам беради. Кечқурун бирор ишни режалаштирсангиз, уни тонгда бажариш имконияти ортади.
Режалаштириш келажакни ҳозирги замонга айлантиради ва у бўйича бирор нимани бажариш мумкин бўлади.
Алан Лакейн, тайм-менеджмент мутахассис, «Улгуриш санъати» китоби муаллифи
3. email’ни тушгача текширманг
Уйғонишингиз билан email’ни текширасиз, у ерда зудлик билан жавоб бериш керак бўлган маълумот бўладими? Шарт эмас. Ахир тезкор янгиликни кимдир email орқали юборармиди?
Сизга келган барча хатлар бир-икки соат кутиб туриши мумкин. Шунинг учун тонгни иш бўйича “ўта тезкор” хабарларга эмас, ҳақиқатан муҳим саналган нарсаларга сарфланг.
4. Телефонни узоқроққа олиб қўйинг
Смартфонни бошқа хонага ёки ҳамкасбингизнинг столига қўйинг. Диққат даражаси аъло бўлган тонгги соатларни Facebook аккаунтини текшириш ёки мессенжерда фойдасиз ёзишмаларга сарфламайсиз.
5. Салқин хонада ишланг
Дим ва иссиқ хона уйқу чақиришини сезганмисиз? Агар тонгдаги тетиклик билан муаммоларингиз бўлса, бундай хонада тушгача ва ундан кейин ҳам мудраб ўтирасиз.
Салқин хонада диққатни жамлаш ва тонгни фойдали ўтказиш осонроқ бўлади.
6. Тўғри ўтиринг ёки туринг
Яхши ишлаш учун мия кислородга эҳтиёж сезади. Афсуски, кўпчилигимиз мониторга тикилиб, ниманидир клавиатурада териб, букчайган ҳолда ўтиришга ўрганганмиз.
Столда букчайган ҳолда ўтирганда диагфрагма ўпка тубига қадалади, шунинг учун чуқур нафас ололмайсиз.
Чуқур ва енгил нафас олиш учун тўғри ўтиринг ёки ўрнингиздан туринг. Натижада миянгиз кўпроқ кислород олади. Демак, самаралироқ ишлайди.
7. Овқатга кўп вақт сарфламанг
Нонушта организмни зарур қувват билан таъминлашда ёрдам беради. Уни фойдали бўлишига интилинг, бироқ тайёрлаш учун кўп вақт сарфлаш шарт эмас.
Тонгда вақтни тежаш учун уни кечки овқат билан бирга тайёрлаш мумкин. Уйғонгач, уни иситиш ёки тайёрлашни талаб этмайдиган маҳсулотлар билан нонушта қилиш мумкин.
8. Тонгги одатингизни топинг
Кимдир тонгни бадантарбия билан бошлайди, кимдир - бир стакан совуқ сув ёки 10 дақиқалик медитация билан. Муайян кетма-кетликда кичик одатингизга амал қилинг. Масалан, аввал бир стакан сув ичиб, кейин бадантарбия қилинг.
Одатга айлангач, у тана учун фаолликнинг турли йўналишларига йўл кўрсатувчи сигнал вазифасини бажаради. Шундай қилиб, бир стакан сувдан кейин деярли автомат тарзда бадантарбия қилишни бошлайсиз. Сизга бунинг учун рағбат ҳам керак бўлмайди.
9. Мақсад сари аста, бироқ тўғри ҳаракат қилинг
Инсон ҳаёти бир кун ёки бир ой давомида издан чиқиши ҳолати кам бўлади. Бари аста-секинлик билан юз беради. Афсусдан бошқа ҳеч нима олиб келмаётган тонг – ҳар кунлик танловнинг натижаси. Танлов эса одатга айланади. Йўқотилган тонг ортидан кун ва тун келади, шундай тарзда давом этаверади.
Ёмон одатлар аста-секинлик билан орттирилади, бироқ яхшилари ҳам худди шу тарзда шаклланади.
Америкалик парҳезшунос, соғлом турмуш тарзи тарафдориЖек Ла Лэйн ҳар куни соат 4 да уйғониб, 90 дақиқани жисмоний машқлар ва яна ярим соатни югуришга сарфлаган. Олтмиш йилдан ортиқ вақт давомида у мазкур кетма-кетликка амал қилган. Натижада, фитнесдаги энг муваффақиятли шахслардан бирига айланди ва 96 йил умр кўрди.
Демак, тонгни қандай ўтказишимиз қайсидир маънода бутун кунни белгилайди.Сизда уни ўзгача кутиб олиш учун 20 мингта имконият бор.
Мавзуга оид
08:00 / 13.10.2019
Бутун кунга етадиган қувват билан таъминловчи эрталабки 14 одат
08:00 / 06.01.2019
Тонгги соат саккиз: сайёранинг турли бурчаклари фотоаппарат объективида
12:48 / 17.11.2018
Йилнинг совуқ пайтида қандай уйғониш мумкин?
08:33 / 14.09.2018