Жамият | 21:26 / 14.08.2018
9574
3 дақиқада ўқилади

Аҳолини чув тушириб келган электр корхонаси иш ўрганувчиси жазога тортилди

Фото: Flickr

Жорий йилнинг 2 июль куни жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди томонидан Жиззах шаҳар Маҳалла жамғарма фонди биносида Р.Орзиқулов раислигида очиқ сайёр суд мажлиси ўтказилди. Унда айбланувчи А.Қ. устидан 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисмининг «б», «в» бандлари (ўта хавфли рецидивист томонидан ва уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб) бўйича жиноят иши кўриб чиқилди.

Маълум бўлишича, А.Қ. Жиззах туман электр таъминоти корхонасининг 2017 йил 2 февралидан Жиззах туман электр таъминоти корхонасида иш ўрганувчи вазифасида ишлаб келган. У аҳоли хонадонларини қайтадан кўрик ўтказиш жараёнида, У.А яшаб турган хонадонга келган ва электр энергиясидан 820 минг сўм миқдорида қарздорлиги борлигини айтган. Агар қарзни тўламаса, электр энергиясини тармоқдан узиб кетишини айтиб, У.А.дан 100 АҚШ доллари (ўша пайтдаги қиймати – 330.335 сўм)ни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган. 150 минг сўмига тўлов паттаси ёзиб берган ва қолган пулни фирибгарлик йўли билан ўзлаштирган.

А.Қ. жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2017 йилнинг 19 март куни Р.Э.нинг яшаш хонадонига келган ва электр ҳисоблагич эскириб қолгани, янгисига алмаштириш кераклигини айтиб шу куни 100 минг сўм, апрель ойи ўрталарида 50 минг сўм, жами бўлиб 150 минг сўм олган.

6 апрель куни эса А.Х.нинг яшаш хонадонига келган ва 200 минг сўм қарздорлиги борлигини айтган. 200 минг пулни олган, 100.000 сўмлик тўлов паттаси бериб, қолган 100.000 сўм учун тўлов паттасини эртага олиб келиб беришга ишонтириб, А.Холназаровнинг 100.000 сўм пулини фирибгарлик йўли билан ўзлаштирган.

Шундан сўнг, 13 апрель куни Н.Б. исмли фуқарога уч фазали электр тармоғига уланишига ёрдам беришга ишонтириб, унинг 500 минг сўм пулини қўлга киритган. Кейинги куни 200 минг сўм пулни қайтариш шарти билан олган ва бу пулларни ўз чўнтагига урган.

Юқоридаги жиноий ишларини ўрганган ҳолда суд, А.Қ.га Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисмининг «б» банди билан, ҳамда 45-моддаси қўлланилиб, 2 (икки) йил муддатга электр таъминоти корхоналари тизимида ҳар қандай вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилди ва ойлик иш ҳақидан 25 (йигирма беш) фоиз миқдорида давлат даромади ҳисобига ушлаш шарти билан 2 (икки) йил муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.

Жабрланувчиларга етказилган зарарлар қопланиши белгиланди.

Ҳукмдан норози тарафлар шикоят ёки протест билдиришга ҳақлилиги тушунтирилди.

Мавзуга оид