Иқтисодиёт | 16:15
1260
4 дақиқада ўқилади

“Қуёшли хонадон” доирасида фуқароларга пул тўланмаяпти. Расмий идоралар сукутда

Қуёш панелларида ишлаб чиқарилиб, умумий электр тармоқларига узатилган энергия учун фуқароларга субсидиялар вақтида тўлаб берилмаяпти. На Энергетика вазирлиги на Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вазиятга тайинли изоҳ бергани йўқ. 2026 йил учун тасдиқланган бюджетномада ушбу турдаги харажатларни молиялаштиришга 100 млрд сўм ажратилиши кўзда тутилган. Бу реал кўрсаткичга нисбатан 3 баробар камроқ маблағ бўлиши мумкин.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Ўзбекистонда 2023 йил 1 апрелдан “Қуёшли хонадон” дастури жорий этилган. Унга кўра, умумий қуввати 50 киловатт-соатгача бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини ўрнатган жисмоний шахсларга ўз эҳтиёжидан ортиб, ягона электр энергетика тизимига узатилган ҳар 1 киловатт-соат электр энергияси учун 1000 сўмдан субсидия ажратилади.

Масалан, ой давомида сиз электр тармоғидан 100 киловатт-соат электр энергияси олдингиз, сиз ўрнатган панеллар эса айтайлик 500 киловатт-соат ток ишлаб чиқарди. Агар ой якунлари бўйича сиз тармоққа узатган ток миқдори тармоқдан олинган ток миқдоридан кўп бўлса, ана шу ўртадаги ижобий фарқнинг ҳар бир киловатт-соати учун давлат 1000 сўмдан субсидия тўлайди. Пул “Солиқ” иловаси орқали ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-кунигача тўлаб берилиши шарт. 

Тўлов кечикяпти

Фуқаролар ҳукуматнинг бу ташаббусини қўллаб-қувватлади.  Кимдир йиғиб қўйган пулига, яна кимдир эса қарзга қуёш панеллари харид қилди. Kun.uz билан боғланган мурожаатчиларнинг таъкидлашича, уларга апрел ойи учун кафолатланган пул тўлаб берилмаяпти. Хусусан, Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида яшовчи Исломжон Собиржоновнинг таъкидлашича, у 32 млн сўм пул сарфлаб қуёш панеллари ўрнатган, аммо тўловга келганга кечикишлар кузатилаётганидан норози бўляпти.

«Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидан Исломжон Собиржоновман. 2025 йилнинг ноябр ойида 32 млн сўмга 10 киловатт-соатлик паннел ўрнатгандим. Мақсад — қишда ўзимнинг эҳтиёжимни қоплаш ва ёзда 4-5 сўм даромад қилиш эди. Пул тушиши шу йилнинг феврал ойидан бошланди. Феврал ойида 20 минг сўм, март ойида 200 минг сўмдан зиёдроқ пул олдим. Апрел учун пул йўқ, лекин панелим ишлаб ётибди. Апрел ойида 900 киловатт-соатдан зиёд, май ойига 1100 киловатт-соатдан зиёд сотганман. Рўзғорга 1-2 сўм фойда бўлсин деб, йиғиб-териб олган пулим эди, ўзим ҳам ойликка қараган одамман”, дейди Собиржонов.  

Бюджетдан ажратилган пул тугаб қолдими?

2026 йилнинг январ-март ойларида 45,2 минг нафар жисмоний шахс ўз хонадонларида ўрнатилган қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясини тармоққа сотиб, 73,9 млрд сўмдан ортиқ даромад олган.

Таққослаш учун, 2025 йилнинг I чорагида 12,7 минг нафар фуқарога 8 млрд 147 млн сўм субсидия ажратилганди. Шу тариқа, бир йил ичида субсидия олувчилар сони қарийб 3,5 баробарга, тўланган маблағ ҳажми эса 9 баробарга кўпайган.

2026 йил учун тасдиқланган бюджетномага кўра, ушбу турдаги харажатларни молиялаштиришга 100 млрд сўм ажратилиши кўзда тутилган. Биринчи чоракдаги натижалардан келиб чиқилса, бу йиллик кўрсаткичга нисбатан тахминан 3 баробарга камроқ маблағ бўлиши мумкин.

Kun.uz Энергетика вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан боғланди.

Энергетика вазирлиги матбуот котиби Kun.uz'га берган изоҳида ушбу субсидиялар давлат бюджетидан молиялаштирилиши, маблағларни ажратиш ва тўлаш билан боғлиқ масалалар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ваколатига киришини маълум қилди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати эса масала юзасидан тегишли ишлар олиб борилаётгани, яқин вақт ичида расмий маълумот тақдим этилишини билдирди.

Таъкидлаш лозимки, субсидияларнинг кечикиши фақатгина молиявий муаммо эмас, балки тизимга нисбатан ишонсизликни ҳам кучайтиради. Агар фуқаро электр энергияси учун тўловни олдиндан амалга оширмаса, дарҳол тармоқдан узиб қўйилади. Ушбу қоида тўловларни амалга оширишда ҳам ишлаши керак. “Қуёшли хонадон” лойиҳаси Ўзбекистон энергетика тизими учун жуда керакли ва истиқболли дастур. Ижродаги масъулиятсизлик эса шундай зўр ғояни ҳам обрўсизлантиряпти.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид